Спорт соҳасидаги топшириқлар ижроси муҳокама қилинди

Пойтахтимизда жойлашган Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президенти, МОҚ раиси Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлашга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур йиғилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов раислигида ўтди. Унда Спорт вазирлиги раҳбарияти ва МОҚ масъуллари иштирок этди. Тадбирда олимпия ва паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш, оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари бўйича фикр алмашилди.

Спортимиз мутасаддилари давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифаларни амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳатликда ишлаш, “Лос-Анжелес-2028” ёзги Олимпия ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш, кадрларнинг малакасини ошириш, селекция йўналишига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини билдирди.

Шунингдек, ҳар бир терма жамоанинг янги Олимпия цикли учун ишлаб чиққан режаларини янада такомиллаштириш, ҳудудлардаги спорт инфратузилмасини яхшилаш бу борадаги муҳим қадамлардан экани таъкидланди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА