Бокуда дзюдо баҳслари якунланди

300

Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказилган “Катта дубулға“ туркумидаги турнир якунланди.

Мукофот жамғармаси 154 минг евродан иборат халқаро турнирда 36 давлатнинг 258 дзюдочиси медаллар ҳамда жаҳон рейтинги очколари учун баҳс олиб борди.

Шиддатли кечган беллашувлар сарҳисобига кўра, Япония терма жамоаси аъзолари 10 та олтин, 4 та кумуш, 3 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни, 1 та олтин, 2 та кумуш медални қўлга киритган Германия 2-ўринни эгаллади. 1 та олтин, 1 та кумуш, 3 та бронза медалини жамғарган Озарбайжон терма жамоаси кучли учликка якун ясади.

Боку татамиларидаги мусобақаларда 22 давлат вакиллари камида битта бронза медали билан қайтди.

Халқаро тажрибаси кам дзюдочилар билан қатнашган Ўзбекистон терма жамоаси совринли ўринларни қўлга кирита олмаган бўлса-да, бронза медали учун курашган Азизбек Ортиқов якунда бешинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, Сўғдиёна Рафкатова, Маржона Нуруллоева, Азизбек Авазмуродов ва Рустам Шораҳматов 7-ўринни банд этди.

Энди дунё дзюдочилари 28 февраль-2 март кунлари пойтахтимиздаги “Юнусобод“ спорт мажмуасида ўтадиган “Катта дубулға“ туркумига кирувчи нуфузли мусобақада иштирок этади.

Бугунгача 3 қитъанинг 25 давлатидан 266 нафар дзюдочи Тошкентга келишини расман тасдиқлади.

Т.Рўзиев, ЎзА