Сифатсиз маҳсулотлар йўқ қилинди

Оммавий ахборот воситалари орқали пиротехника буюмларидан фойдаланганлик салбий оқибатларни келтириб чиқараётганлиги ҳақидаги хабарлар такрор айтилмоқда.
Шунга қарамасдан, чет элда ишлаб чиқарилган, сифатсиз пиротехника буюмларини чегара орқали олиб ўтиш ҳолатлари учраб турибди. Шу каби маҳсулотлар Мажбурий ижро бюроси органлари ходимлари томонидан йўқ қилинишига эришилмоқда.
Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими иш юритувида мавжуд бўлган, жиноят ишлари бўйича судларнинг қарорларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан олиб қўйилган жами 101 та пиротехника буюмлари йўқ қилиш белгиланган эди. Ушбу суд қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва Нукус шаҳар бўлими ходимлари томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида йўқ қилиниши белгиланган ушбу буюмлар тегишли идоралар ходимлари иштирокида йўқ қилинди.
Бундан ташқари шу куннинг ўзида давлатимиз чегарасига ноқонуний равишда олиб кирилган, инсон соғлигига зарарли бўлган 52 литр спирт, чет элда ишлаб чиқарилган 81 та алкогол маҳсулоти, 91 та электрон сигарет ҳамда 89 та ҳужжати бўлмаган дори воситаси ҳам йўқ қилинди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири