Ўзбек адабиётининг икки даҳоси хотирланди

129

Тўрткўл туманидаги Мусиқа мактабида улуғ мутафаккирлар Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги ва Захириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллигига бағишланган «Ўзбек адабиётининг икки даҳоси» номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Жонибек Сеттиев очиб, икки буюк сиймонинг нафақат ўзбек, балки жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўз юритди. Навоий асарларидаги юксак бадиийлик, инсонпарварлик ва адолат ғоялари, Бобурнинг давлат арбоби, шоир ва тарихнавис сифатидаги фаолияти ёш авлод учун бебаҳо ибрат мактаби экани алоҳида таъкидланди.

Тадбир давомида Алишер Навоий ва Захириддин Муҳаммад Бобур ғазаллари асосида басталанган қўшиқлар янгради. Мақом халқ жамоаси бадиий раҳбари Давронбек Артиков ва «Саҳро садоси» маданият маркази хонандаси Фозилбек Оллашукуров томонидан ижро этилган асарлар барчага манзур бўлди. Шу билан бирга, тўгарак аъзоларининг жозибали рақслари тадбирга янада файз бағишлаб, иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди.

Бундай тадбирлар ёшларнинг ўзбек адабиёти ва маданиятига бўлган қизиқишини ошириш, аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросни чуқур англашга хизмат қилади. Навоий ва Бобур ижоди асрлар оша порлаб, янги авлодларга маънавий озуқа бўлиб келмоқда.

Юлдуз Ниёзова, Бердақ номидаги  ҚДУ қорақалпоқ филологияси ва  журналистика факультетининг  2-курс талабаси

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги