Ёшлар ёт иллатларга қарши

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази, Республика руҳий саломатлик маркази вакиллари томонидан ёшларга гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг зарарли оқибати ҳақида кенг тушунчалар берилди.
Таъкидланганидек, юртимиз бўйлаб 1 февралдан ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш ойлиги ўтказилиб, жойларда турли тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.

Тадбирда гиёҳвандлик ва психотроп моддаларга қарши кураш бугунги куннинг энг глобал ва долзарб муаммоларидан бири эканлиги таъкидланди. Айниқса, ёшлар ўртасида бу иллатларнинг тарқалиши жамиятимиз учун катта хавф туғдиради. Ушбу муаммонинг олдини олиш ва ёшларни бу зарарли иллатлардан асраб қолиш учун жамиятнинг барча қатламлари, жумладан, ота-оналар, педагог ходимлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорликда иш олиб бориши зарурлиги ҳақида сўз юритилди.

Гиёҳвандлик ва психотроп моддалардан фойдаланиш нафақат инсоннинг жисмоний саломатлигига салбий таъсир кўрсатади, балки руҳий саломатлиги ва ижтимоий ҳаётида ҳам ўрни тўлмас йўқотишларга олиб келади. Гиёҳвандликка берилган ёшлар ўқиш, иш ва шахсий ҳаётда юқори натижаларга эришолмайди, оила аъзолари ва дўстлари билан мулоқотда муаммолар юзага келади. Бундай иллатларнинг олдини олиш учун ёшлар ўртасида мунтазам равишда маънавий-маърифий тарғибот ишларини ташкил этиб, ёшларга соғлом турмуш тарзи ва гиёҳвандликдан сақланиш усуллари ҳақида маълумотлар бериб бориш муҳим ҳисобланади.

Учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири