Миллий адабиётимиз хазинаси

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида буюк мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кеча ўтказилди.
Тадбирда, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир А.Утепбергенов, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, филология фанлари номзоди А.Абдиев ва бошқалар, Алишер Навоий ижодининг ёшларга илҳом манбаи бўлишини, унинг асарларидаги маънавият, инсонпарварлик ва адолат тамойилларининг бугунги кунда ҳам ўта долзарб эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, Навоий ижоди, нафақат адабиёт, балки ёшлар тарбиясида, миллий қадриятларимизни улуғлашда ҳам катта аҳамиятга эга. У инсоният тарихида ўзининг бетакрор шоирлиги ва давлат арбоблиги билан нафақат Шарқ, балки бутун дунё адабиётига катта ҳисса қўшган. Шунинг учун ҳам ўз асарлари билан ўзбек адабиётини энг юқори чўққиларга олиб чиқди.

Тадбирда, филиал талабалари томонидан Алишер Навоийга бағишланган шеърлар ўқилиб, уни ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида фикр алмашилди. Шоир асарларидан парчалар, унинг инсониятга бўлган муносабати ва ҳар бир инсонни маънавий юксалишга чақирган ғоялари ҳақида қизиқарли чиқишлар бўлди. Тадбирнинг бадиий қисмида Навоий асарлари асосида саҳналаштирилган бадиий чиқишлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири