Қаҳва нега қимматлашмоқда?

Қаҳва бутун дунёда қимматлашмоқда, чунки талаб таклиф билан мувозанатли эмас. Аниқроғи, одамлар қаҳвани тобора кўп истеъмол қилмоқда.
Экспертлар фикрича, ушбу маҳсулот тарихан энг юқори нарх даражасига чиқди ва бунинг бир неча сабаби бор. Асосийси, жаҳон бўйлаб қаҳва истеъмоли бир неча йилдан буён мунтазам ортмоқда, ишлаб чиқариш миқдори эса ўша-ўша.
Қиймат ошиши бир вақтда юзага келган турли омиллар натижасидир. Биринчидан, иқлим ўзгаряпти: Арабика навини дунёда энг кўп ишлаб чиқарувчи, қурғоқчиликни бошдан кечираётган Бразилияда ҳосилдорлик пасайган. Иккинчи йирик етказиб берувчи – Колумбияда ҳам ноқулай об-ҳаво шароити хом ашёни кескин камайтирди.
Иккинчидан, арзонроқ нав – робустанинг кони ҳисобланган Вьетнамдан экспорт қисқариши кузатиляпти, чунки бу давлат ҳам қурғоқчилик билан курашяпти. Қўшимчасига, қаҳвани жуда кўп истеъмол қила бошлаган Осиё мамлакатлари талаби кескин ўсган.
АҚШ Қишлоқ хўжалиги департаменти маълумотида Бразилия об-ҳаво ёмон келгани сабаб, бу йил тахминан 5 фоиз ёки 3,5 миллион қоп кам ҳосил берган.
Жанубий Американинг энг йирик портларида зарур инфратузилма йўқлиги, контейнерлар етишмаслиги юк ташиш жараёнини кечиктирмоқда. Қизил денгизда давом этаётган геосиёсий можаро ҳам глобал етказиб бериш занжирига салбий таъсир кўрсатган.
Сўнгги пайт айрим ишлаб чиқарувчилар харидор жалб қилиш, сотув ҳажмини ошириш мақсадида паст нарх таклиф қилиб, эски шартномалар қолдиғидан халос бўлишга ҳаракат қилмоқда. Кўпчилик хом ашё баҳоси тез орада кўтарилиши, бу ўзгариш нархга таъсир қилишини билади. “Бу фойда маржасини сақлаб қолиш ва янги бозор шароитига мослашиш имконини берадиган стратегик ҳаракат”, дейди экспертлар. Табийки, компаниялар вақтида ва онгли равишда харид қилиш ва нарх қўйиш учун бозордаги ўзгаришни диққат билан кузатиб боришига тўғри келяпти.
Масалан, ўтган ҳафта биржада Арабика навининг бир тоннаси 7500 доллардан ошди. Умуман, бу қаҳва жаҳон бозорида ўтган йил апрелдан сентябргача мунтазам қимматлашиб, тоннаси 6 000 долларга кўтарилди. Ноябрь ойида эса нарх қарийб 30 фоиз, декабрь бошида яна 8 фоиз ошди.
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур навнинг глобал қиймати яқин икки-уч йил ичида тушмайди ва бу ҳолат умумий бозорга ҳам таъсир қилади.
Дарҳақиқат, Арабика янги рекордлар ўрнатишда давом этмоқда: январь охирида илк бор бир тонна учун 8 000 доллар таклиф қилинди, 3 февралда эса бу рақам 8 500 га чиқди.
– Арабика нархининг юқори даражаси камида икки-уч йил сақланиб қолиши эҳтимолдан холи эмас, – дейди қаҳвашунослар. – Демак, жаҳон истеъмолида Робуста улуши ошади. Бу тенденция истеъмолчиларнинг муайян қисми қаҳвадан чойга ўтишига сабаб бўлиши мумкин. Кутилаётган нарх ўсиши талабгорлар хоҳиш-истагини ўзгариши эҳтимоли мавжуд. Оммавий қаҳва сегментида талаб пасайиши баъзиларни муқобил йўлларни излаш, жумладан чой ёки арзонроқ кофе навини танлашга мажбур қилиши мумкин. Яна бир тахмин бор: етказиб бериш тизими диверсификация қилинади ёки янги хом ашё манбаларини топишга қизиқиш кучаяди. Бундай шароитда Осиё ва Африка қаҳва ишлаб чиқарувчиларининг роли ошади.
С.Раҳимов,
ЎзА