Хорижлик шахматчилар «Ал-Беруний» халқаро турнирида етакчилик қилмоқда

87

Пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида давом этаётган «Ал-Беруний» II халқаро турнирининг 5-тур ўйинлари остонасида учта гуруҳда ҳам хорижлик шахматчилар етакчилик қилмоқда.

Бугун, 7 февраль куни халқаро турнирнинг “Мастерс” гуруҳида 5-тур доирасида Муҳиддин Мадаминов – Айк Мартиросян, Володар Мурзин – Владислав Артемьев, Санан Сюгиров – Шант Саргсян ўзаро рақобатлашади. Айнан ушбу баҳслар натижасидан сўнг ғолибликка кимлар асосий даъвогар эканига ойдинлик киритилиши мумкин.

Ушбу турда ҳамюртларимиз Абдумалик Абдусалимов – Афруза Ҳамдамова ҳамда Ортиқ Нигматов – Цюнь Ма ўртасидаги курашлар кўпчиликнинг эътибор марказида бўлиши шубҳасиз.

“Челленжер” гуруҳидаги мусобақаларда ФИДЕ байроғи остида ҳаракатланаётган Давид Паравян ортда қолган 4 та турдан кейин 3,5 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Ҳамюртларимиздан Ҳумоюн Бекмуродов 2 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, 10 нафар иштирокчи орасида 5-ўринда бормоқда.

Мукофот жамғармаси 68 минг 700 АҚШ долларидан иборат турнирнинг “Фьючерс” баҳсларида туркманистонлик Сапармурат Атабаев 3,5 очко билан етакчилик қилаётган вазиятда терма жамоамиз аъзоси Асроржон Омонов 2,5 очко билан 3-ўринни банд этган.

Т.Рўзиев,

ЎзА