Яширин цех фаолияти аниқланди (+видео)

223

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда “Нукус вино заводи” акциядорлик жамияти ходимлари билан ҳамкорликда Нукус шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, 1983 йил туғилган фуқаро “шартли харидор”га 100 дона 0,7 литр сиғимдаги жами 70 литр қўлбола усулда тайёрланган, акциз маркаларга эга бўлмаган “Qarataw” ёзувли ароқ маҳсулотини 8 миллион 500 минг сўмга сотган вақтида ушланди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, олдиндан олинган маълумотлар асосида мазкур маҳсулотларни ишлаб чиқаришда гумонланаётган шахс хонадони тегишли санкция асосида кўздан кечирилди. Натижада, сифати кафолатланмаган маҳсулотларни қўлбола усулда ишлаб чиқаришга ихтисослашган яширин цех фош этилди.  Ундан 645 литр этил спирти, 906 дона бўш шиша, 192 дона “Qarataw” ёзувли қоғоз қути, 305 дона янги капсула, 30 литр таркибида қизил мия илдизи бўлган алкоголли маҳсулот, 1 минг 495 дона қопқоқ, 5 дона 0,45 литрли акциз маркасига эга бўлмаган “Qarataw” ёзувли алкоголли маҳсулот, 269 дона қалбаки акциз маркалари ҳамда қўлбола усулда спиртли ичимликларни ишлаб чиқаришда қўлланиладиган махсус воситалар ашёвий далил тариқасида олинди.

Ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилиб, Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири