“Ёш китобхон” танлови ғолиблари аниқланди

413

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасида ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида анъанавий тарзда “Ёш китобхон” танлови ўтказилиб келинмоқда.

Танловни ўтказишдан асосий мақсад, ёшлар маънавиятини юксалтириш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, қадимий ва бетакрор диёримиздан етишиб чиққан буюк аллома, адиб ва мутафаккирларнинг бой маънавий меросини, умумбашарий цивилизация, маданият, дунёвий ва диний илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ аждодларимизнинг ноёб асарларини асраб-авайлаш, ёшларни ўзликни англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдан иборат.

Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида ушбу танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

Иштирокчилар “Бадиий асарлар билимдони” ҳамда “Тезкор савол-жавоб” шартлари бўйича ўз билимларини намойиш этди. Танлов якунида 10-14 ёш тоифа бўйича биринчи ўринни Тўрткўл тумани Беруний маҳалласидан Озодбек Рўзимов, иккинчи ўринни Амударё тумани Дурман маҳалласидан Чаросхон Сафарбоева, учинчи ўринни Қораўзак тумани “Маданият” овул фуқаролар йиғинидан Мапруза Қаллибекова, 15-19 ёш тоифа бўйича биринчи ўринни Қўнғирот тумани Суўенли маҳалласидан Диана Тагабергенова, иккинчи ўринни Тўрткўл тумани Нурота маҳалласидан Умида Гелдиева, учинчи ўринни Амударё тумани Қангли маҳалласидан Шаҳзода Худаярова эгаллаган бўлса, 20-30 ёш тоифа бўйича Шуманай тумани Моншақли маҳалласидан Темирбек Сарсенбаев биринчи, Бўзатов тумани “Эркиндарё” овул фуқаролар йиғинидан Бийбайим Жолдасбаева иккинчи, Нукус тумани Бақаншақли маҳалласидан Айгерим Элдесова учинчи ўринга сазовор бўлди.

– Берилган барча саволларга аниқ жавоб бериб биринчи ўринни эгалладим, – дейди Тўрткўл туманидаги 22-сонли умумтаълим мактабининг 7 синф ўқувчиси Озодбек Рўзимов. – Келгуси босқичга ҳам яхши тайёргарлик кўриб, ғолиб бўлишга ҳаракат қиламан.

Ғолиблар танловнинг мамлакат босқичига йўлланмани қўлга киритди. Совринли ўринларни эгаллаган иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА