Катта таассуротларга бой сафар
2024 йил июнь ойида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали талаба-ёшларидан таркиб топган “Келажак ёшлари” жамоаси Европага саёҳат сафари йўлланмасини қўлга киритганди.
2025 йил январь ойида филиалнинг талабалари Германиянинг Берлин шаҳрида 10 кунлик сафарни амалга ошириб, барқарор қишлоқ хўжалиги бўйича Европа тажрибаси билан танишиб, билимларини ошириб қайтди. Талабаларнинг Германияга ўқув сафари Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган, БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликдаги “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторининг “яшил иқтисодиёт”га инклюзив ўтишини қўллаб-қувватлаш ва иқлимга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги билимлари ва инновацион тизимини ривожлантириш” (EU-AGRIN) лойиҳаси томонидан амалга оширилди.
Сафарнинг дастлабки кунида талаба-ёшлар Берлинда ҳар йили январь ойида ўтказиладиган “Халқаро яшил ҳафталик” (International Green Week) халқаро кўргазмасида иштирок этиб, уч кун давомида турли мамлакатлардан келтирилган озиқ-овқат маҳсулотлари билан яқиндан танишди. Бу йилги тадбирда 61 та мамлакатдан 1 минг 400 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашиб, кўргазма доирасида семинарлар, конференциялар ва бошқа тадбирлар орқали озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасига оид қимматли маълумотларга эга бўлди.
– “Халқаро яшил ҳафталик” кўргазмаси мен учун ҳақиқатан ҳам билим ва тажриба алмашиш майдони бўлди. Ушбу тадбир бизларга озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасида янги қарашларни кўрсатди. Мен таълим олаётган мутахассислигим учун орттирган тажрибаларим жуда катта аҳамиятга эга деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам ушбу тадбирдан катта мотивация ва амалий кўникмалар билан қайтдим, – дейди 3-курс талабаси У.Амангелдиев.
“Келажак ёшлари” жамоаси аъзолари сафар давомида белгиланган жадвал асосида Лейбниц номидаги сабзавотлар ва манзарали ўсимликлар илмий тадқиқот институти, Берлин шаҳридаги EUROPA EXPERIENCE мультимедиа маркази, қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари биологияси илмий тадқиқот институти, Impact Hub маркази, YPARD (ёш қишлоқ хўжалиги тадқиқотчилари ва ривожланиш ташкилоти), Berliner Tafel (озиқ-овқат хайрия ташкилоти) ва Берлиндаги Европа парламенти уйига ташриф буюрдилар. Албатта, Германияга уюштирилган ушбу ўқув сафари барқарор қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича қизиқишга эга бўлган талабалар учун яхши тажриба мактаби бўлди.
Ушбу саёҳат талабаларга нафақат назарий, балки амалий билимларни ҳам беришда катта аҳамиятга эга бўлди. Улар Евопа қишлоқ хўжалигидаги глобал тенденциялар ва инновацион ёндашувларни ўргандилар. Саёҳат давомида талаба-ёшлар Германиянинг диққатга сазовор жойларига ташриф буюриб, ўзгача таассурот билан қайтди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири