Малайзияда давлатимиз раҳбарига юксак ҳурмат ва ишонч намойиш этилди

Чин дўстларнинг бир-бирига ишончи ва меҳри юз-кўзларда ифода этади. Диллардаги тилга кўчганда, муштарак истаклар амалга ошганда эса ришталар янада мустаҳкамланади.
Бир-бирини қўллаб-қувватлашга кучли истак бўлишида гап кўп. Бу туйғунинг чуқур томир отиши учун ўртадаги олис масофалар ҳам аҳамият касб этмай қолади.
Халқимизда либоснинг янгиси, дўстликнинг эскиси яхшилиги ҳақида фикрлар бор. Ўзбекистон ва Малайзияни ана шундай узоқ тарихий дўстлик алоқалари мустаҳкам боғлаб туради. Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу юртга расмий ташрифи доирасидаги тадбирларда шу яқинлик яққол сезилиб турди. Ташрифни оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб турган оддий инсон ҳам сезиб, буни ҳис қилиб турди.

Жараёнда бевосита иштирок этган Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ҳам давлатимиз раҳбарининг Малайзияга расмий ташрифи ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди.
– Дипломатик тажрибам ва матбуот котиби сифатидаги фаолиятимга асосланиб айтишим мумкинки, икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги самимий муносабат ва норасмий мулоқот жуда ёрқин таассурот қолдирди.
Ушбу гўзал ва меҳмондўст мамлакат раҳбарияти Президентимиз билан самимий учрашувлар ўтказиш учун қатъий протокол қоидаларидан чекиниб, юксак ҳурмат ва ишонч намойиш этганига гувоҳ бўлдик.
Хусусан, Президентимизни кутиб олишга Малайзия парламенти спикери чиққани, малайзиялик ҳамкасбларимизнинг айтишича, ушбу мамлакат протокол амалиётида илгари кузатилмаган воқеа бўлди. Бундан ташқари, Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим Президентимиз Шавкат Мирзиёевга кун давомида, барча расмий тадбир ва учрашувларда ҳамроҳлик қилди. Мулоқотни давом эттириш учун Ўзбекистон Президентига ажратилган қароргоҳга шахсан ташриф буюрди. Кейин улар биргаликда, бир машинада «Petronas» бош қароргоҳига йўл олишди, у ерда компания раҳбарияти билан учрашув ўтказишди.
Ўзбекистон Президенти шарафига уюштирилган расмий қабул маросимида Малайзия санъаткорлари ўзининг бой тарихи ва маданияти билан бир қаторда халқимизнинг куй-қўшиқлари, рақсларидан иборат концерт дастурини намойиш этгани ҳам алоҳида эътибор ифодаси бўлди.
Бундай норасмий ва самимий муносабат икки етакчи ўртасидаги яқин дўстликдан, Ўзбекистон ва Малайзия халқларининг бир-бирига бўлган юксак ҳурмати, икки томонлама муносабатларнинг порлоқ истиқболидан далолат беради, – деб ёзди Шерзод Асадов.
ЎзА