Шогирд ижодида устознинг ўрни

Ҳар бир инсон ҳаётида устознинг тутган ўрни беқиёс. Айниқса, ижод йўлида устоз – йўлчи юлдуз, илҳом манбаи ва руҳий далда берувчи мураббийдир.
Мен Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мунаввара Юсупованинг “Онажоним шеърият” клубининг фаол аъзосиман. Айни устозим Мунаввара Юсупованинг қўллаб-қувватлаши сабаб шеъриятга меҳр қўйдим ва ижодий йўлимни топдим. Бу клубда 40 дан ошиқ иқтидорли қизлар ижод қилади ва уларнинг барчаси устозимиз раҳнамолигида кўплаб ютуқларга эришмоқда.
“Устоз – илм ва тарбиянинг соҳиби”, деган ҳикмат бежиз айтилмаган экан. Устоз нафақат билим беради, балки шогирдига ишонч, илҳом ва теран фикрлар бахш этади. 2021 йилда илк “Ҳаёт исми”номли китобим нашр этилди. Кейинчалик турли алманах ва тўпламларда шеърларим, мақолаларим чоп этила бошлади. 2024 йилда Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинарида қатнашиб, таниқли шоирлар – Сирожиддин Саййид, Азиз Саид, Зебо Мирзо, Маъмура Зоҳидова, Эшқобил Шукур, Усмон Азим каби устозлар билан суҳбатлашиш ва маслаҳат олиш имконига эга бўлдим.
Бир сўз билан айтганда, шогирд ҳаётида устознинг ўрни беқиёс. Устознинг ўгит ва насиҳатлари сабаб шогирднинг фикрлаши кенгаяди, ижоди сайқал топади. Чин устоз шогирдига ишонади, унга йўл кўрсатади, унинг келажагига умид бағишлайди.
Шу боис, ҳар бир ижодкор устозини эъзозлаши, у берган ўгитларга қулоқ солиб, изланишдан тўхтамаслиги лозим. Зеро, устоз – шогирд ҳаётининг йўлчи юлдузи, унга ишонч ва умид бағишловчи раҳнамодир.
Юлдуз Ниёзова, Бердақ номидаги ҚДУ қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультетининг 2-курс студенти
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги