102 та ташкилотнинг ташаббусли лойиҳалари 16 миллиард сўмга молиялаштирилди

217

АОКАда ўтказилган брифингда Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов Фонднинг 2024 йилдаги фаолияти якунлари юзасидан маълумот берди.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, ўтган 2024 йилда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коррупцияга муросасиз муҳитни шакллантириш ҳамда таълим, тиббиёт, экология, қурилиш, транспорт, коммунал хўжалиги, бандлик, ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва бошқа соҳаларнинг энг долзарб муаммолари ечимига қаратилган лойиҳа ва ташаббуслар молиявий қўллаб-қувватланган.

70 та устувор йўналишни қамраб олган 4 та давлат гранти танловида ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари 3 минг 42 та лойиҳа билан иштирок этиб, ғолиб деб топилган ва 102 та ташкилотнинг лойиҳалари 16 миллиард сўмга молиялаштирилган.

Шунингдек, “Қорақалпоқ этно овули” ташкил этилди, соғлиқни сақлаш соҳасида Нукус шаҳрида оғир беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида шифохона хосписининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди.

Наманган вилоятида ногиронлиги бор 100 нафар шахсга дори-дармон ва ортопед маҳсулотлар етказиб берилди. 1 минг 93 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди, 6 та хонадонга иссиқхона қуриб берилди. 290 та хонадоннинг сув таъминоти яхшиланди, 14 та хонадонга қуёш панеллари ўрнатилди. 8 та маҳаллада эса кўчалар таъмирланди.

Бундан ташқари давлат ижтимоий буюртмаси дастури доирасида ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида ўтказилган давлат ижтимоий буюртмаси танловига 57 та ташкилотдан келиб тушган лойиҳаларнинг 12 тасига 23 миллиард  250 миллион сўм маблағ ажратилди.

Ушбу лойиҳалар натижасида пойтахтнинг Яшнобод туманидаги 103-сонли ва Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги 22-сонли мактаб-интернатининг эскирган касбий таълим устахонаси янги асбоб-ускуналар билан жиҳозланиб, тарбияланувчиларнинг турли касбларни ўрганиш имконияти яратилди. Бухоро вилояти Шофиркон туманида ишлаб чиқариш цехи қурилиб, 20 та иш ўрни яратилди.

Ҳозирда “Kasana.uz” платформаси яратилиб, республика бўйича 15 минг нафар хотин-қиз ўқитилмоқда. Қўқон шаҳар туғуруқ комплекси қошида Репродуктив саломатлик маркази ташкил этилди. Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё вилояти филиалига 10 дона замонавий кувез аппарати, Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Дўстлик, Фориш туманлараро ОИВ диагностика лабораторияларига автоклав ва рентген аппаратлари олиб берилди.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА