Дунёда 740 миллионга яқин аҳолида йод танқислиги касалликлари мавжуд

247

Маълумки, Ўзбекистон ҳудуди океан ва денгизлардан узоқда жойлашган. Бу эса табиий йод моддаси етишмаслигига сабаб бўлади. Шу боис йодланган маҳсулотлар истеъмолига эътибор қаратиш, ош тузини йодлаш амалиёти қўлланиб келинади. Дунё бўйича 130 дан ортиқ давлатда ош тузини йодлаш амалиёти йўлга қўйилган ва бу қулай ҳамда самарали йўл эканлиги исботланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат – аҳоли ўртасида йод етишмаслиги касалликларининг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси бўлди.

– Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг хулосасига кўра, дунёда 740 миллионга яқин аҳолида йод танқислиги касалликлари мавжуд, 50 миллион аҳолида эса мия дисфункцияси ва ақлий заифлик бор, – деди депутат Муқаддас Ўрозалиева. – Мамлакатимизда эса 285 минг 698 нафар шахс қалқонсимон без касалликларига чалинган. Қалқонсимон без касалликлари 94 минг 341 нафар болада қайд этилган.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, йод етишмаслиги касалликларининг оммавий профилактикаси озиқ-овқатда йодланган туз ишлатиш ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилиш орқали амалга оширилиши белгиланган. Аммо айрим ош тузи ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ош тузини йодлаш жараёни талабларга жавоб бермайди. Шунингдек, истеъмол бозорини йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришга қаратилган ҳамда ош тузини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, ва реализация қилишга доир талабларни белгилаш бўйича қўшимча чораларни кўриш зарурати юзага келмоқда.

Шу мақсадда ушбу қонун лойиҳаси билан Соғлиқни сақлаш вазирлигига ош тузини ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлаш учун фойдаланиладиган таркибида йод бўлган препаратларни, уларга қўйиладиган талабларни, ош тузини ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлашга, йодланган тузни ишлаб чиқаришга, ташишга, сақлашга ва реализация қилишга қўйиладиган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена меъёрларини белгилаш ҳамда унинг назоратини олиб бориш ваколатлари белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган нормалар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, йод етишмаслиги касалликларини профилактика қилиш, ўсиб келаётган авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Моддама-модда муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА