Болалар манфаатига зид бўлган ҳар қандай ҳолат назоратга олиниб, ҳуқуқлари таъминланмоқда

Ўзбекистон аҳолисининг 13 миллион нафардан зиёдини 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этади.
Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида ўз мажбуриятларини тан олган ҳолда, мамлакат аҳолисининг 35 фоизга яқинини болалар ташкил этишини ҳисобга олиб, бола ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида миллий қонунчиликни халқаро стандартларга уйғун равишда такомиллаштириб бормоқда.

ЮНИСЕФ томонидан “2021-2025 йилларда ЮНИСЕФ ва Ўзбекистон ҳукуматининг Болаларни ҳимоя қилиш дастури” муҳокамаси учун ўтказилган учрашувда шу ҳақда гап борди.
– Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова. – Яқин тарихда (бундан 6-7 йил олдин) оддий ҳол бўлган болалар меҳнати, яъни уларнинг дала ишларига, хусусан, пахта теримига жалб қилишдек салбий ҳолатларга юртимизда бутунлай барҳам берилди. Болалар манфаатига зид бўлган ҳар қандай ҳолат назоратга олиниб, уларнинг ҳуқуқлари таъминланмоқда. Зарур ҳолларда болалар давлат ҳимоясига олинмоқда.
Тадбир давлат идоралари, фуқоролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари учун амалий мулоқот майдони бўлди. Музокаралар асносида Ўзбекистонда болаларни ҳимоя қилиш дастурига баҳо берилиб, соҳа юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.
Учрашув давомида иштирокчиларнинг таклифлари тингланиб, дастурнинг якуний матнини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА