Шахмат: Бугун «Ал-Беруний» халқаро турнирининг 2-тур ўйинлари ўтказилади

340

Кеча пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида «Ал-Беруний» II халқаро турнири бошланди.

Уч тоифада ўтказилаётган нуфузли турнирда Венгрия, Хитой, Ҳиндистон, Украина, Беларусь, Қозоғистон, Туркманистон, Арманистон, Швеция, Эрон ва Ўзбекистоннинг энг маҳоратли шахматчилари дона сурмоқда.

Мукофот жамғармаси 68 минг 700 АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг «Мастерс» гуруҳида рейтинги 2600 ва ундан юқори бўлган 6 нафар хорижлик ва 4 нафар ўзбекистонлик шахматчи ғолиблик учун курашга киришди.

Ортда қолган 1-тур ўйинларида “Мастерс” гуруҳида ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган шахматчиларимиздан Абдумалик Абдусалимов оқ доналарда ҳамюртимиз Ортиқ Нигматовни мағлуб этган бўлса, Афруза Ҳамдамова арманистонлик Айк Мартиросянга, Муҳиддин Мадаминов Шант Саргсянга имкониятни бой бериб қўйди.

Рапид бўйича амалдаги жаҳон чемпиони россиялик Володар Мурзин Венгрия вакили Санан Сюгировни мағлуб этган вазиятда FIDE байроғи остида турнирда қатнашаётган россиялик Владислав Артемьев хитойлик Цюнь Ма билан муроса йўлини танлади.

“Челленжер” гуруҳида ҳам 6 нафар хорижлик, 4 нафар юртимиз шахматчилари иштирок этмоқда. Кеча ўтган 1-турда ушбу гуруҳда дона сураётган юртдошларимиздан Ҳумоюн Бекмуратов қора доналарда қозоғистонлик Ринат Жумабаев билан дурангга эришди. Қолган ҳамюртларимиз рақибларига ютқазиб қўйишди.

“Фьючерс” гуруҳида иштирок этаётган 3 нафар шахматчимиздан фақат Асроржон Омоновдан бошқа барча шахматчиларимиз очко йўқотди.

Бугун, 4 февраль куни халқаро турнирнинг 2-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Унда “Мастерс” гуруҳида қатнашаётган терма жамоамиз аъзоларидан Ортиқ Нигматов қора доналарда Айк Мартиросян билан куч синашади. Шунингдек, кун давомида шахмат ишқибозлари Санан Сюгиров – Абдумалик Абдусалимов, Шант Саргсян – Володар Мурзин, Цюнь Ма – Муҳиддин Мадаминов, Афруза Ҳамдамова – Владислав Артемьев ўртасидаги қарама-қаршиликка гувоҳ бўлишади.

9 турдан иборат халқаро турнир 12 февралга қадар давом этади.

Т.Рўзиев,

ЎзА