Глобал савдо уруши бошланадими?

169

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Канада, Хитой ва Мексикага махсус бож жорий этиш қарори бутун дунёда юзага келиши мумкин бўлган глобал савдо урушидан хавотирни кучайтирди. Бу ҳақда “Euronews” ёзди.

– Айни дам Европа Иттифоқи маҳсулотларига қўшимча тариф қўлланишидан хабардор эмасмиз, – деди ташкилот вакили. – АҚШ билан савдо ва сармоявий алоқа жуда муҳим. Салоҳиятимиз юқори. Икки томон ҳам мавжуд муносабатни мустаҳкамлашга интилиши керак. ЕИ паст тариф кучли, муайян қоидага асосланган савдо тизими доирасида ўсишни, иқтисодий барқарорликни таъминлашига қатъий ишонади. Шу билан бирга товарларга адолатсиз ёки ўзбошимчалик билан бож жорий қилган ҳар қандай савдо шеригига қатъий жавоб беради.

Еврокомиссия аввалроқ шундай деган эди:

– Умумий тариф чоралари бизнес харажатини оширади, ишчилар ва истеъмолчиларга зарар етказади, иқтисодий таназзул келтириб чиқаради, инфляцияга йўл очади. Бу барча томонлар учун зарарли.

– Глобал товар ва хом ашё алмашинуви ҳаммамизга фаровонлик олиб келган буюк муваффақият тарихи эканлигини исботлади, – деди Германия Канцлери Олаф Шольц. – Демак, дунёни ҳар хил божхона тўсиқларидан озод қилиш керак.

Бир неча кун олдин Европа Кенгаши президенти Антонио Коста агар Вашингтон бож жорий қилса, ЕИ ўз манфаатини ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирган эди:

– АҚШ ҳам Европа ҳам ўз манфаатини ҳимоя қилади, бу халқаро муносабатларнинг бир қисми. Менимча, муаммоларни олдиндан башорат қилиш ёки шиширишнинг ҳожати йўқ. Улар ўзини қандай тутса, биз ҳам шундай муносабатда бўламиз.

Мусулмон Зиё, ЎзА