Қишлоқ хўжалиги вазирлиги картошка билан боғлиқ ҳолат ҳақида маълумот берди

261

Бу йил картошкага бўлган талаб тўлиқ қопланади?

Жаҳоннинг деярли барча мамлакатларида картошка етиштирилади. Бу маҳсулот кўпчилик мамлакатларда асосий озиқ-овқат ўсимлиги ҳисобланади. Картошка етиштириш сўнгги ўн йилликда 12-15 фоизга ошган ва ундан ҳар йили 300 миллион тонна атрофида ҳосил олинмоқда.

Картошка халқимизнинг ҳам йиллар давомида севиб истеъмол қилиб келадиган асосий озиқ-овқати бўлиб, унинг туганаги таркибида инсон организми учун зарур бўлган озиқ моддалар – крахмал, оқсил, шакар, клетчатка, турли витаминлар, минерал элементлар мавжуд. Ундан 500 дан зиёд таом тайёрланади.

Ўзбекистонда 2025 йил январь ойи бошидан бугунги кунгача картошканинг улгуржи нархи 12,9 фоизга кўтарилган. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда бу маҳсулот нархи янада ошиши ва картошка танқислиги юзага келиши тўғрисидаги хабарлар тарқалди ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

Хўш, аслида Ўзбекистонда аҳолининг картошкага бўлган йиллик талаби қанчани ташкил этади? 

Ўтган 2024 йилда юртимизда қанча картошка етиштирилган ва жорий йилда картошка захираси етарлими? 

Ҳудудларда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўзгариши қай тарзда мониторинг қилинади?

Мазкур саволлар юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Дилшод Назиров қуйидагиларни маълум қилди.

– Мамлакатимиз аҳолисининг картошкага бўлган йиллик талаби 4 миллион тоннани ташкил этади. Ўтган 2024 йилда юртимизда жами 3,7 миллион тонна, шундан асосий майдонда 2,7 миллион тонна ва такрорий экин сифатида 1 миллион тонна картошка етиштирилган. Мазкур ҳосилнинг 600 минг тоннаси кейинги мавсумда экиш учун уруғлик сифатида захира қилинган ва табиий йўқотиш 100 минг тонна (3%) атрофида белгиланган. 2024 йилда ҳудудларда такрорий майдондан йиғиб олинган картошка ҳосилидан қолган қисми жорий йил апрелигача аҳоли истеъмолига талаб этиладиган маҳсулотнинг 44 фоизини қоплайди.

Республика ҳудудларида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўзгариши доимий равишда мониторинг қилиб борилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 17 та, Андижонда 16 та, Бухорода 13 та, Жиззахда 11 та, Қашқадарёда 14 та, Навоийда 10 та, Наманганда 12 та, Самарқандда 16 та, Сурхондарёда 15 та, Сирдарёда 11 та, Тошкентда 17 та, Фарғонада 19 та, Хоразм вилоятида 11 та ва Тошкент шаҳрида 12 та жами 194 та деҳқон бозори мавжуд. Барча деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилган савдо ярмаркаларида картошканинг 1 килограми 5,0-6,0 минг сўмдан сотилмоқда.

Мониторинг натижаларига кўра, Тошкент шаҳридаги Янги Қўйлиқ деҳқон бозорида (“Food City”) 1 кг картошканинг ўртача нархи 8,5 минг сўмни (минимал 7,5 минг сўм, максимал 9,0 минг сўм) ташкил қилиши аниқланган. Тошкент шаҳридаги бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти маълумотига кўра, Авиасозлар, Қўйлиқ, Миробод, Юнусобод деҳқон бозорларида картошканинг энг юқори нархи 9 минг сўмни, Сирғали, Фарҳод, Чилонзор, Эски жува, Қорақамиш, Аския, Олой деҳқон бозорларида 10 минг сўмни ташкил этмоқда. Юқоридагиларни инобатга олиб, республикада картошка нархи 12 минг сўм деб тарқатилган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Такрорий экин майдонларида етарли миқдорда картошка ҳосили етиштирилмагани жорий йил қиш-баҳор мавсумида аҳоли талаби тўлиқ таъминланмаслигига сабаб бўлмоқда. Картошка 2 муддатда экилади: 1) январь-мартда асосий майдонга экилган картошка апрелнинг иккинчи ярми –июлгача ҳосил беради; 2) июнь-июлда ғалладан ва эртаки экинлардан бўшаган такрорий майдонга экилган картошка ноябрь-апрелда истеъмол қилинади (ҳар бири 6 ойдан қарийб 1,7 миллион тоннадан).

Ўзбекистонда картошканинг экиш учун “Сантэ”, “Ақраб”, “Альвара”, “Агане”, “Бақро 30”, “Белуга”, “Бимондо”, “Болеро”, “Виктория”, “Диамант”, “Қувонч 1656 М”, “Латона”, “Марфона”, “Палма”, “Умид”, “Ҳамкор-1150”, “Тўйимли”, “Фазан”, “Фреско”, “Эсприт”, “Романо”, “Кардинал2” ҳамда  “Драга” каби навлари Давлат реестрига киритилган.

Такрорий майдонларга экиш даврида уруғлик картошка сотиб олиш ва агротехник тадбирлар харажатларини молиялаштиришга имтиёзли кредит ажратишнинг самарали механизми йўлга қўйилмагани, ресурслар (уруғлик, ЁММ, минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, механизация хизматлари) нархлари юқорилиги ва қишлоқ хўжалиги субъектларида айланма маблағлар етишмаслиги ҳудудларда картошка экиш прогноз қилинган майдонларга тўлиқ экилмаслигига олиб келмоқда.  Ўртача 1 гектар майдонда картошка етиштиришга 55-60 миллион сўм харажатлар (бошқа турдаги экинларга нисбатан 2-2,5 баробар кўп) талаб этилади.  Шундан, 30-35 миллион сўм, ерни тайёрлаш ва минерал ўғитлар учун 7-10 миллион сўм, иш хақи ва бошқа харажатларга 18-20 миллион сўм маблағ талаб этилади.

Таҳлилларга кўра, сўнгги 4 йилда (2022-2025 йиллар январь ойида) картошка нархи ўсиши 173 фоизни ташкил этса, азотли ўғит нархи 173 фоиз, калийли ўғит 175 фоиз, касаллик ва зараркунандаларга қарши кимёвий ҳимоя воситалари 202 фоиз, дизел ёнилғиси 178 фоиз, механизация хизмати (ер ҳайдаш) 170 фоиз, электр энергия 180 фоизга ошган. Бундан ташқари 2022 йилда сув солиғи,  қўшилган қиймат солиғи тўланмаган, 2024 йилдан бошлаб 1 гектар картошка етиштиришга сарфланадиган ҳар бир м3 сувга 100 сўмдан (жами 11 минг м3 сарфланади) сув солиғи ҳамда 12 фоиз ҚҚС ҳисобланмоқда. Шу билан бирга, хорижий давлатларда ҳам картошка ишлаб чиқариш ҳажмининг камайиши оқибатида нархлар ўсиши кузатилмоқда.

Жумладан, Қозоғистонда 2024 йилда 2,9 миллион тонна картошка етиштирилган, бу 2023 йилга нисбатан 80 фоизни ташкил этди. Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, картошка экин майдони 2024 йилда 2023 йилга нисбатан 33,9 минг гектарга камайган. Бунинг оқибатида ўтган йилга нисбатан 1,4 миллион тонна (16 фоиз) кам ҳосил етиштирилди. “Росстат” томонидан 2024 йилда картошка нархи сўнгги 5 йилдаги энг юқори ўсиши бўлгани прогноз қилинган, октябрда ўртача нархи 22-23 рублни ташкил этиб, 2023 йилги нархдан (15 рубл/кг) 1,5 баробар ошган. Буларнинг барчаси таннарх ошиб кетиши ва озиқ-овқат маҳсулотлари баҳосига таъсир этмоқда.

Шу ўринда савол туғилади: Нега Қишлоқ хўжалиги вазирлиги айтган чоралар кўрилаётганига қарамай, нархлар барқарорлашмаяпти?

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳар йили қиш ва баҳор мавсуми учун нархлар барқарорлигини таъминлаш ҳамда аҳоли эҳтиёжларини қондириш мақсадида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захира қилиб келмоқда. 2024-2025 йилда жалб қилинган тайёрлов корхоналари томонидан 245,6 минг тн (94,8 %) картошка захирага жамғарилиб, fsp.agro.uz онлайн платформаси орқали субъектлар кесимида мониторинги йўлга қўйилган. Жорий йил 28 январь ҳолатига маҳаллий ҳокимликлар томонидан жалб қилинган тайёрлов корхоналари томонидан жами 9,9 минг тонна картошка ички бозорларга савдога чиқарилган, захира қолдиғи 235,6 минг тоннани ташкил қилади (fsp.agro.uz маълумоти бўйича). Захира қилинган маҳсулотлар арзонлаштирилган савдо ярмаркалари орқали сотиш учун омборлардан 4000-4500 сўмдан савдога чиқарилмоқда.

Шунингдек, ички бозорни картошка билан барқарор таъминлаш ва нархларни тушириш мақсадида Афғонистон, Қирғизистон, Покистон ва Эрон давлатларидан импорт қилинмоқда. 2025 йил 1-28 январь кунлари 94,2 минг тонна картошка импорт қилинган. Жумладан, 24 январь куни 1,1 минг тн, 25 январда 0,6 минг тн, 26 январда 1,5 минг тн, 27 январда 1,5 минг тн ва 28 январда 1,3 минг тн импорт қилинган. Импортёр тадбиркорлардан олинган тезкор маълумотларга кўра, 18-26 январь кунлари Покистон-Афғонистон чегарасидаги “Соланг” довонида қор ёғгани сабабли катта юк ташувчи транспорт воситалари ҳаракатланиши чекланган. Довонда ҳаракат чеклангани боис картошка импорти камайган ва нархи нисбатан қимматлашган.

Довон очилганидан кейин 28 январь ҳолатига “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасидаги нархлар 2,0-2,5 минг сўмга арзонлашган ва 1 кг картошка 5,5-6,0 минг сўмдан сотилмоқда. 10 кун олдин 7,5 – 8,5 минг сўмдан сотилган. Ҳозирда “Соланг” довонидан 8,5 минг тн (363та фура) картошка олиб кирилиши кутилмоқда.  Транспорт вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан “Айритом” чегара масканидан Сурхондарёнинг Термиз шаҳригача бўлган темир йўл учун қўшимча вагонлар қўйилган. “Корзинка” супермаркетлар тармоғида 29 январь ҳолатига Покистондан импорт қилинган 1 кг картошка 4 минг 990 сўмдан ҳамда маҳаллий картошка 8  минг 490 сўмдан сотилмоқда.

2025 йил ҳосили учун фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан асосий майдонларга 122 минг гектар майдонга картошка экиш белгиланган. Жорий йилнинг 28 январь ҳолатига Сурхондарё вилоятида 2025 йил ҳосили учун 7,4 минг гектар майдонга картошка экилди.  Ушбу экилган майдонлардан 2025 йилнинг апрель ойида 211 минг тонна ҳосил етиштирилиб ички бозорларга чиқарилади. Республикнинг қолган ҳудудларидан май ойидан бошлаб картошка ҳосили йиғиштирилади ва ички бозорларда картошкага бўлган талаб тўлиқ қопланади.

Шу ўринда яна бир маълумотни қўшиб ўтмоқчиман. Юртимиз иқлимида картошка етиштириш машаққатли иш ҳисобланади. Уруғларни экишга тайёрлашда, аввало улар сараланади, лат еган, касалланган туганаклар териб олинади. Экишга вазни 30, 50, 80 г бўлган туганаклардан фойдаланилади. Эртапишар картошка навларининг уруғлари тупроқнинг 10 см қатламида ҳарорат 6-7 0С қизиганда экиб бошланади. Ўзбекистонда эртаги картошка текислик минтақаларида 10 февралдан 15 мартгача, тоғ олди минтақаларида 10-25 мартда экиш энг мақбул муддат ҳисобланади. Экиш муддати кечикканда туганаклар ҳосил бўлиши ёзнинг жазирама иссиғига тўғри келади, туганаклар ҳосил бўлиши ёмонлашади, ҳосилдорлик камаяди.

Бозорлардаги картошкалар нархи бўйича эса доимий назорат олиб борилади ва картошка нархлари мувофиқлаштириб  турилади.

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.

ЎзА