Ислом цивилизацияси маркази: Кенгайтирилган илмий кенгашнинг навбатдаги йиғилиши ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 29 январь куни Ислом цивилизацияси маркази биносига ташрифи давомида қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича Ислом цивилизацияси маркази Кенгайтирилган илмий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда марказнинг такомиллаштирилган экспозициялари вa янгиланган Илмий концепция, илмий-инновацион лойиҳаларининг ижросини таъминлаш масалалари хусусида сўз юритилди.

— Президентимизнинг Ислом цивилизацияси марказига амалга оширган бу ташрифлари биз учун муҳим тарихий воқеа бўлди, — деди марказ директори Фирдавс Абдухолиқов, — Бугунги учрашувдан мақсад мазкур ташриф асносида билдирилган таклиф вa тавсиялар юзасидан аниқ мақсадлар белгилаш, олдимизга кўйилган масъулиятли вазифалар ижросига киришишдан иборат. Маълумки, айни пайтга қадар Марказ томонидан Ўзбекистон олимлари миллий форуми, “Буюк аждодлар мероси – Янги Ренессанс асоси” халқаро конгресси, “Шарқ ренессанслари феномени: салтанатлар, динлар, шахслар ва цивилизациялар” Халқаро маданий мерос ҳафталиги ўтказилган эди. Мазкур йирик тадбирларда билдирилган таклифлар асосида ҳозирга қадар 800 дан ортиқ илмий вa инновацион лойиҳалар ишлаб чиқилди. Давлатимиз раҳбари ташриф давомида мазкур лойиҳалар асосида шакллантирилган экспозициялар билан танишди, бир қатор таклифлар билдирилди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов онлайн иштироки давомида давлатимиз раҳбарининг ташриф давомида Ислом цивилизацияси марказида фаннинг ролини янада ошириш, илмий ёндашувга кўпроқ эътибор қаратиш, илмнинг ўрнини, даражасини юксалтириш кераклигига алоҳида эътибор қаратгани ҳақида гапирди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов Президент Шавкат Мирзиёев Марказни ижтимоий-гуманитар йўналишдаги ягона мега лойиҳа сифатида баҳолаганига алоҳида тўхталди:
— Давлатимиз раҳбари бизнинг бой маънавий меросимиз бутун дунёга етиб бориши ҳақида доим таъкидлайди, — деди Б.Абуҳалимов. – Айнан мазкур Марказнинг бунёд этилишини ноёб мега лойиҳа, деб баҳолаганлар. Ислом цивилизацияси марказининг асл моҳияти – илм-маърифат бўлиши керак. Шу боис ҳам лойиҳани ташкил этиш доирасида ҳам маҳаллий, ҳам хорижий олимлар бел боғлашган. Олдимизда жуда катта вазифалар турибди. Бу бўлаётган ишлар замирида ёшлар учун имконият ва рағбат ётади. Лойиҳа бизни ғурурлантиради.
Кенгаш давомида Марказ ҳақида халқаро стандартларга жавоб бера оладиган медиалойиҳалар устида ҳам иш бошлангани ҳақида маълумот берилди.

Юз нафар буюк ўзбек алломалари ҳақида дунёнинг етакчи ахборот платформалари Euronews ва CNN форматида креатив роликлар тайёрлаш лойиҳаси ишга туширилади. Ушбу медиа-лойиҳалар бутун дунёга Ўзбекистоннинг таниқли тарихий шахслари, кашфиётлари, замонавий илм-фан ва техниканинг асосига айланган ўзбек олимлари, файласуфлар ва мутафаккирлари ҳақида ҳикоя қилади. Шубҳасизки, марказ буюк алломалар меросини қайта тиклаб, инсоният тараққиётига йўл очади.
Кенгайтирилган илмий кенгаш сўнгида иштирокчилар кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, Марказ қошида хаттотлик мактабини ташкил қилиш, ушбу таълим муассасаси иш фаолиятини белгилаш, Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг икки қаватли маъмурий биноси каби лойиҳалар муҳокама қилинди.
Н.Усмонова, ЎзА