“Ягона саломатлик” ёндашуви – барқарор келажакка қўйилган муҳим қадам
Тошкентда Марказий Осиёда “Ягона саломатлик” ёндашуви асосида пандемияларга тайёргарлик ва жавоб чоралари бўйича миллий мувофиқлаштирувчи йиғилиш ўтказилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбир пандемиялар хавфини камайтириш, уларга жавоб чораларини кучайтиришга қаратилган.
Сессияда ҳамкор ташкилотлар билан бир қаторда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги вакиллари миллий иш режаси, долзарб муаммолар, идоралараро ҳамкорлик механизмларини муҳокама қилишди.
“Марказий Осиёда ягона саломатлик ёндашуви орқали пандемияга тайёргарлик ва жавоб чоралари” лойиҳаси ФАО, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда амалга оширилмоқда.
Қайд этилишича, Марказий Осиё давлатлари соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, атроф-муҳит ва ижтимоий ривожланиш соҳаларидаги муаммолар туфайли пандемия ва эпидемияларга қарши курашишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Ушбу муаммоларни бартараф қилиш ҳамда пандемияларнинг олдини олиш, унга тайёргарлик кўриш мақсадида ягона саломатлик ёндашувини қабул қилиш устида ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
– Пандемияларга тайёргарлик ва жавоб чоралари нафақат миллий устувор йўналиш, балки бутун минтақамиз ва глобал миқёсдаги долзарб масаладир, – деди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров. – «Ягона саломатлик» ёндашуви асосида инсоният, ҳайвонот ва атроф-муҳит саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш – барқарор келажакка қўйилган муҳим қадамдир.
Маълумотларга кўра, инсонлардаги инфекцион касалликларнинг 60 фоиздан ортиғи ҳайвонлардан юқади, шунингдек, янги пайдо бўлаётган касалликларнинг 75 фоизи зоонотик табиатга эга. Тадбирда пандемия хавфларини камайтириш учун мустаҳкам сиёсий-ҳуқуқий асослар, кучли бошқарув тизими ва жамоатчилик иштирокини ошириш талаб қилиниши айтилди.
Ўзбекистон ва минтақа давлатлари ушбу йўналишларда биргаликда иш олиб бориш орқали пандемиялар хавфини камайтириш, жамоат саломатлиги, иқтисодий барқарорлик ва атроф-муҳит ҳимоясини таъминлашга қаратилган муҳим қадамларни қўймоқда.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА