Сенатда элчиларга мамлакат иқтисодий манфаатларини тарғиб қилишдаги муаммолар кўрсатиб берилди
Мамлакатимизда парламентнинг давлат ички ва ташқи сиёсатидаги иштироки ҳамда ваколатларини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар доирасида Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари ҳисоботини эшитиш амалиёти йўлга қўйилган.
Жорий йилда режа-график асосида қирққа яқин чет элдаги дипломатик ваколатхоналар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш белгиланган.
Шунга асосан Сенатда Ўзбекистон Республикасининг Бельгия Қироллиги, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги, Испания Қироллиги ҳамда Италия Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикасининг Бельгия, Буюк Британия, Испания ҳамда Италия давлатларидаги элчихоналари томонидан 2023–2024 йилларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, миллий маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш ва туризм фаолиятига кўмаклашиш борасида амалга оширилган ишлар ҳолати кўриб чиқилди.
Хусусан, Ўзбекистонинг Бельгия билан ўзаро товар айланмаси 2023 йилда 195,3 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2024 йилда 212 миллион АҚШ долларига етган.

Буюк Британияга маҳаллий маҳсулотлар экспортини кенгайтиришда ижобий натижаларга эришилган. Жумладан, 2024 йилда экспорт ҳажми 2022 йилга нисбатан 45 фоизга ошиб, 149 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
Испаниялик ҳамкорлар билан ҳозирги вақтда республикамизда умумий қиймати 327 миллион АҚШ долларига тенг 5 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ва Испания ҳукуматлараро қўшма комиссияси тузилиб, ушбу комиссиянинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Мазкур тадбир доирасида тадбиркорликни ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича бизнес-форум ташкил этилди.
Италиянинг мамлакатимизга инвестициялари ҳажми 2023 йилда 246 миллион АҚШ долларини, ўзаро товар айирбошлаш 502,4 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Сўнгги йилларда Италиядан мамлакатимизга туристлар оқими 1,5 баробарга кўпайгани айтиб ўтилди (2023 йилда – 25 минг, 2024 йилда 39 минг).
Шу билан бирга, мазкур дипломатик ваколатхоналар раҳбарларининг фаолиятидаги камчиликлар, жумладан, хорижда республиканинг иқтисодий манфаатларини тарғиб қилишдаги тизимли муаммолар кўрсатиб берилди.
Сенаторлар томонидан ушбу дипломатик ваколатхоналар раҳбарларига батафсил тавсиялар берилди ва улар олдига ўз фаолияти натижадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.
Сенаторлар, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари доимий комиссиялари аъзолари, жамоат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари иштирок этган мажлис якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА