Ўзбекистон –АҚШ: икки томонлама ҳамкорлик
АҚШнинг “CalCity Industrial Park” компанияси асосчиси Степан Кюркчу бошчилигидаги делегация аъзолари Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан учрашди.
Мулоқотда кейинги йилларда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, ижтимоий-сиёсий муносабатлар янги босқичга кўтарилгани, айниқса, Ўзбекистонда яратилган қулай инвестициявий муҳит туфайли ҳудудга сармоя киритиш истагидаги чет эллик ишбилармонлар сафи кенгайиб бораётгани эътироф этилди.

– Ўзбекистон раҳбарининг ташқи сиёсатдаги фаоллиги, қолаверса, бизнес учун яхши шароит яратилгани сабаб икки томонлама манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга киришдик, – деди Степан Кюркчу. – Масалан, биз Қорақалпоғистоннинг Қонликўл туманида умумий қиймати 90 миллион АҚШ долларига тенг тўқимачилик катанин, костроблок (ёнғин блоки) ва иссиқликни сақловчи экологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширяпмиз. Қуввати 6,2 минг тоннага тенг лойиҳа 2027 йил якунига қадар ишга туширилади. 500 та иш ўрни яратилиб, бюджетга 19 миллиард тушум тушиши таъминланади. Истагимиз Бухорода ҳам мана шу каби йирик лойиҳаларни амалга ошириш.
Мазкур йирик компанияни Бухорода тўқимачилик, қурилиш, қуёш панеллари ишлаб чиқариш, эркин иқтисодий зоналарда янги лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб қилишда амалий ёрдам беришга чақирди. Бунда инвесторларга яратиб берилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳақида тўхталди.
Мулоқотда қоғоз ва картон ишлаб чиқариш, техник каноп етиштириш, мармар ва гранитни қайта ишлаш, целлюлоза, костроблок ва тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири