Туркия Сурияда ҳарбий базалар қуриши мумкин

233

Туркия Сурияда иккита ҳарбий база барпо этиб, ўша жойда Ф-16 қирувчи самолётларини сақлаши мумкин, дея хабар тарқатди “Туркия” газетаси номи ошкор этилмаган араб манбаларига таяниб.

– Икки мамлакат муштарак мудофаа шартномасини тузади. Тез орада имзоланиши кутилаётган келишувга кўра, тўсатдан таҳдидга дуч келган тақдирда, Дамашққа Анқара ёрдамга келади. Битим Туркия Қуролли кучлари Сурия армиясига учувчилар тайёрлашда кўмаклашишини назарда тутади. Араб давлати суверенитетига қарши уюштириладиган ҳар қандай ҳужумни бартараф этиш учун Ҳарбий ҳаво кучларини шакллантириш якунига етгунга қадар, ушбу базаларда 50 та Ф-16 қирувчи самолёти жойлаштирилади.

Расмий идоралар бу ахборотга ҳозирча изоҳ бермаган.

Нашр янги маъмурият Исроил билан чегарани назорат қилиш учун Туркиядан учувчисиз учоқ, радар ва электрон уруш тизими сўраганини ҳам қўшимча қилган. Газета Сурия мудофаа вазирлиги вакилига таяниб ёзишича, ҳарбий дронларни етказиб бериш яқин орада бошланади.

Аввалроқ Американинг “Washington Post” газетаси сунъий йўлдош тасвири ва экспертларга асосланиб, Исроил Суриядаги Жўлон тепалиги ҳудудида ҳарбий база қуряпти, деб ёзганди.