Кембриж халқаро таълим дастури эксперти Қорaқaлпоғистонда (+видео)

251

Кембриж халқаро таълим дастури эксперти Стив Кинг хизмат сафари билан Қорaқaлпоғистонда бўлди. Таъкидлаш жоизки “Cambridge University Press and Assessment” – жаҳондаги энг йирик нашриёт ва таълим тизимларини яратишга ихтисослашган ташкилотлардан бири бўлиб, у бутун дунё бўйлаб илмий ва таълимга оид нашрлар, таълим дастурлари, имтиҳонлар ва баҳолаш тизимини ишлаб чиқади.

Президентимиз раислигида 2024 йил 5 февраль куни ижтимоий соҳалардаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айрим фанлар ҳамда хорижий тиллар бўйича ўқув режа ва дастурларини халқаро стандартлар асосида янгилаш вазифаси илгари сурилган эди. Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Кембриж халқаро таълим дастури эксперти  Стив Кинг  ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирокида Нукус шаҳридаги бир қатор таълим муассасаларига медиа-тур ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб Нукус шаҳрида якка тартибдаги тадбиркор М.Шимбергенов томонидан ташкил этилган “Kardar asademy school” нодавлат хусусий мактабига ташриф буюрди. Бу ерда ўқувчилар учун яратилган қулайликлар билан яқиндан танишди. Стив Кинг мактаб ўқувчилари билан инглиз тилида суҳбатлашди. Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари томонидан берилган саволларга жавоб берилди.

Маълумот ўрнида, 2024 йил 4 сентябрдан бошлаб халқаро Кембриж мактаби этиб ташкил қилинди. Бугунги кунда ушбу билим даргоҳида 1 та мактабга тайёрлов, 16 та бошланғич, 8 та юқори синфда жами 400 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Уларга 42 нафар педагог таълим бермоқда. Мактабда дарсдан ташқари қўшимча рақс, шахмат, гимнастика, ментал арифметика, информатика, хитой тили фан тўгараклари фаолият юритмоқда.

2024 йилнинг 12 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Aманбай Оринбаевнинг Кембриж халқаро таълим дастури эксперти  Стив Кинг билан учрашувида мамлакатимизда илк бор Қорақалпоғистон Республикасидаги умумий ўрта таълим мактабида Кембриж халқаро ўқув дастури асосида ўқитиш тизими жорий этиладиган синфларни очиш бўйича келишувга эришилди. Бу борада Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Г.Кожабаева бошчилигидаги делегация Aнглияда хизмат сафарида бўлиб, икки томонлама Кембриж ўқув дастури меморандуми имзоланди.

Ўтган йил декабрь ойида Нукус шаҳридаги 46-сонли айрим фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган умумтаълим мактабида Кембриж ўқув дастури асосида ўқитиш тизими жорий этилган синфлар очилди. Кириш имтиҳонларидан 40 нафар ўқувчи муваффақиятли ўтиб, дастлабки дарслар бошланган эди.

Меҳмон Кембриж синфларида ўқувчилар учун яратилган қулайликлар билан яқиндан танишди ва инглиз тилида суҳбатлашди. Суҳбат давомида инглиз тилида энг яхши сўзлашувчи 2 нафар ўқувчига планшет совға қилинди. Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Г.Кожабаеванинг таъкидлашича, Кембриж ўқув дастури асосида ўқитиш тизими жорий этиладиган синфларни бошқа мактабларда ҳам ташкил этиш режалаштирилган.

Тадбир иштирокчилари Нукус шаҳридаги Президент мактабида яратилган қулайликлар ва ўқитувчиларнинг дарс ўтиш услублари билан танишиб, ўз таклифларини билдирди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари мактабда иқтидорли ўқувчилар учун яратилган шароитлар ва ўқитувчиларнинг интерактив тарзда, замонавий методикалардан фойдаланган ҳолда ўтаётган дарс жараёнлари билан танишди.

Президент мактабида Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларидан қабул қилинган 5-11-синф ўқувчилари ётоқхона билан таъминланган ҳолда, 5 кун давомида ўқийди. Мактаб ўқувчилари 5 маҳал иссиқ овқат, дарсликлар ва кийим-кечаклар билан бепул таъминланган.

Ўқиш STEM йўналишида Кембриж ва маҳаллий ўқув дастури асосида қорақалпоқ ва инглиз тилларида олиб борилади. 2020 йил 30 декабрда Президент мактаблари Cambridge Assessment International Education ташкилоти аккредитациясидан ўтди ва Cambridge International School (Cambridge халқаро мактаби) мақомига эга бўлди. Бу ўқувчиларга AS-level, A-level имтиҳонларини мактабнинг ўзида топшириб, STEM фанлари бўйича халқаро сертификатларга эга бўлиш ва дунёнинг нуфузли олий ўқув юртларининг грантини ютиб олиш имконини беради.

Ташриф якунида Стив Кинг мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ва ёшларнинг сифатли таълим олиши учун яратилган шароитларни юқори баҳолади.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео), ЎзА