Юртбоши назарига тушган томорқачи

200

Мамлакатимизда томорқачилик фаолиятини ривожлантириш, жумладан, мева-сабзавотчилик ва кўчатчиликни самарали йўлга қўйиш, мўл ва сифатли ҳосил етиштириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашга қўшаётган муносиб ҳиссаси, ўзининг ташаббускорлиги, тажрибаси ва меҳнатсеварлик фазилати билан бошқаларга намуна кўрсатиб келаётгани учун Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманидаги миришкор Генжемурат Турдимуратов “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

Бугунги кунда мамлакатимизда томорқа хўжаликларини юритишни ташкил этиш ва уларни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида кўплаб оилалар яхшигина даромадли бўлмоқда. Қораўзак тумани “Маданият” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Генжемурат Турдимуратов ҳам маълум бир муддат чет давлатларда ишлашга мажбур бўлди.

Сўнгги йилларда шахсий томорқа ер участкаларидан самарали ва оқилона фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда юксак натижаларга эришаётган, аҳоли ўртасида ҳурматга сазовор бўлган илғор томорқа ер эгалари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Генжемурат ҳам 2021 йилда томорқасига иссиқхона қуриш таклифини билдирганида, унинг ташаббусини овул фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Зийўар Жақсимова қўллаб-қувватлади. Ишни бошлаши учун “Халқ банки”нинг туман филиалидан 15 миллион сўм имтиёзли кредит олишга кўмаклашди. Шунинг эвазига дастлаб 1,5 сотихли иссиқхона қурди.

Натижа ёмон бўлмади. Бир йилда банкдан олинган кредит тўлиқ қайтарилди. Келгуси йили яна бир иссиқхона қуриш ва унга керакли асбоб-ускуналар харид қилиш учун 33 миллион сўм имтиёзли кредит олди. Бугунги кунда 8 сотих томорқада помидор, бодринг, қулупнай ва бошқа сабзавот-полиз маҳсулотларини етиштириб келмоқда. Йилига тўрт марта ҳосил олиб, уларни ички бозорда аҳолига арзон нархларда етказиб бермоқда. Шу билан бирга 8 нафар фуқаронинг бандлиги ҳам таъминлади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев қораўзаклик томорқачига “Дўстлик” орденини тантанали равишда топширди. Унинг томорқа майдонларидан самарали фойдаланиш ва ўз оиласи даромадини ошириш борасидаги меҳнати кўпчиликка  намуна бўлишини таъкидлади.

– Президентимизнинг юксак эътибори менга янада куч-қувват бағишлади, – дейди “Дўстлик” ордени соҳиби Генжемурат Турдимуратов. –Давлатимиз раҳбари томорқа ва деҳқончилик ерларида юқори даромадли ва экспортбоп экинлар экиш, уларнинг ҳисобини юритиш ва молиялаштириш бўйича янги ташаббусларни маълум қилди. Келажакда фаолиятимни янада кенгайтириб, ички бозорни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаб қолмасдан, уларни экспорт қилишни ҳам режалаштиряпмиз. Камтaрона меҳнатим юксак баҳолангани учун юртбошимизга миннатдорлик билдираман.

Дарҳақиқат, томорқа мўмай даромад манбаи. Унинг дастурхонларимиз тўкинлиги, аҳоли турмуш фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлашдаги ўрни беқиёсдир. Ҳамма гап ундан нечоғли оқилона фойдалана олишдадир.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири