Мактаб ўқувчиларининг севимли маскани (+видео)

239

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни касбга йўналтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёш авлоднинг ижодий қобилияти ва истеъдодини ривожлантириш, ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча комплекс чора-тадбирлар мужассам этилган беш ташаббус амалиётга татбиқ этилмоқда.

Жисмонан соғлом, маънан етук, мустақил фикрлайдиган, чуқур билим ва замонавий дунёқарашга эга Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган баркамол ёш авлодни тарбиялаш ҳамда вояга етказиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу борада жойлардаги “Баркамол авлод” болалар мактаблари томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда Қорақалпоғистонда 1 та республика, 17 та шаҳар ва туман “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолият юритмоқда. Ушбу мактаблардаги жами 892 тўгаракда 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган 28 минг 201 нафар ўқувчи бўлиб, уларга жами 935 нафар педагог кадрлар таълим-тарбия бермоқда.

Ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг тўгаракларга қизиқиш даражасини тизимли ўрганиб бориш, тўгаракларни ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва танловларни ташкил этиш борасида ўтган йили бир қатор ишлар амалга оширилди. Мазкур болалар мактабларида маданият ва санъат, туризм ва экология, техника конструкторлик ва моделлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт, ҳунармандчилик ва қўл меҳнати, олий таълим ва мактабга тайёрлов, хорижий тиллар йўналишидаги тўгараклар фаолият олиб бормоқда.

“Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолияти самарадорлигини ошириш, тўгарак раҳбарлари ҳамда аъзолари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида жорий йилда республика миқёсида кўрик-танлов ва мусобақалар мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Бу борада давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари, Ўзбекистон Республикаси Бадиий Академияси Қорақалпоғистон бўлимига қарашли иқтидорли болалар мактаб-интернати, Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси, шахмат, каратэ федерациялари, “Ватанпарвар” ташкилоти, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳудудий бошқармалари билан имзоланган меморандумлар ва тегишли режа асосида ҳамкорликда ўқув-машғулотлари, семинар-тренинглар ва тадбирлар ташкил этилмоқда.

Ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни касбга йўналтириш ҳамда тўгаракларга жалб қилишда илғор тажрибаларни кенг жорий этиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун Беруний тумани “Баркамол авлод” болалар мактабига пресс-тур ташкил этилди.

Бугунги кунда ушбу болалар мактабида жами 57 та, шундан умумтаълим мактабларида 40 та тармоқ тўгараги фаолият олиб бормоқда. Ушбу тўгаракларга туман мактабларидан 2 минг 377 нафар ўқувчи жалб этилган. Жумладан, рақс, тасвирий санъат, робототехника ва конструкторлик, авиамодель, компьютер дизайни ва графикаси, волейбол, мини футбол, стол тенниси, шахмат-шашка, ёш пазанда, ёш қандолатчи, бичиш-тикиш, юмшоқ ўйинчоқлар, мунчоқли безак, сартарошлик, ёш эколог, оила ҳамшираси каби кўплаб тўгараклар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Тадбир иштирокчилари ушбу тўгаракларнинг фаолияти билан яқиндан танишди. “Баркамол авлод” болалар мактаби ишларини янада такомиллаштириш, илғор тажрибаларни кенг жорий этиш, ўқувчиларнинг қизиқишидан келиб чиққан ҳолда янги тўгараклар ташкил этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА