Партия фаолияти таҳлил қилиниб, вазифалар белгиланди

192

Нукусда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгашининг Пленуми бўлиб ўтди.

Унда партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аъзолари, шаҳар ва туман Кенгашлари раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутат гуруҳлари аъзолари, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Пленумда барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг 2024 йилдаги фаолияти якунлари ҳамда 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, шунингдек, партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳамда Жўқорғи Кенгесидаги партия фракциясининг иш режасини тасдиқлаш масалалари муҳокама қилинди.

Пленумда сўзга чиққанлар эътиборни, аввало, ўтган сайловларда партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг иштироки, ютуқлар ва камчиликларга қаратди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашидан ўтган сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига пропорционал сайлов шакли бўйича 2 нафар, Жўқорғи Кенгесига 9 нафар ва халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларига 61 нафар, жами 72 та депутат сайланди. Шунингдек, партиядан бир нафар Сенат аъзоси сайланди.

Пленумда партия сайловолди Платформасида белгиланган вазифалар ижроси, партия дастурий мақсад ва вазифаларини рўёбга чиқариш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш каби масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунга келиб, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошланғич партия ташкилотлари сони 680 та, партия аъзолари сони эса 51 минг нафардан ошди. Ўтган ҳисобот даврида электорат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзМТДП депутатлик гуруҳлари аъзолари томонидан жами 247 та депутатлик сўрови амалга оширилди. Партия депутатлик гуруҳлари томонидан 21 нафар мансабдор шахснинг ҳисоботи тингланди. Доимий комиссия мажлисларига 19 та масала, маҳаллий Кенгашлар сессияларига 15 та ташаббус олиб чиқилди.

Албатта, ютуқлар ўзимизники, аммо, депутатлар ўз ваколатларидан самарали фойдаланган ҳолда ташаббускорликни янада оширишлари лозимлиги алоҳида қайд этилди. Мухтасар айтганда, партия гуруҳлари фаоллиги партия дастурий мақсадларини самарали амалга оширишга, электорат манфаатларини ҳимоялашга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилади. Зеро, бугунги сайловчини қуруқ ваъдалар, ҳисоботлар билан ишонтириб бўлмайди. Сиёсий дунёқараши, тафаккури тобора юксалиб бораётган аҳоли халқ вакилларидан аниқ ишлар, ташаббуслар кутади.

Пленум якунида партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг 2025 йил учун иш режаси ва амалга ошириладиган устувор вазифаларни бажариш бўйича муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири