
Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев яқинда вилоят аҳолисига мурожаатида жорий йилга мўлжалланган устувор вазифалар қаторида туризм соҳасини алоҳида қайд этиб, туризм маҳалла ва қишлоқлари кўпайтирилиши, сайёҳлик имкониятлари юқори бўлган ҳамда инфратузилмаси мавжуд 14 та қишлоқ, маҳаллага шундай мақом бериш чоралари кўрилишини таъкидлади.
Шу пайтгача Самарқанд вилоятидаги Конигил, Терсак, Боғибаланд маҳаллаларига туризм қишлоғи ва туризм маҳалласи мақоми берилиб, ушбу ҳудудларда сайёҳлар учун ҳар томонлама қулай шарт-шароит, шунга мос инфратузилма яратилган, кўплаб янги иш ўринлари очилган.
Дастлаб 2020 йилда Самарқанд тумани Конигил маҳалласидаги Сиёб ариғи атрофи обод қилиниб, бу ерда юртимиздаги илк туризм қишлоғи ташкил этилган эди.
Конигил – қадимий услубда Самарқанд қоғози ишлаб чиқариш, кулолчилик, дурадгорлик ва бошқа ҳунармандлик анъаналари бугунги кунга қадар сақланиб қолган ҳудуд. Қишлоқ номининг ўзи бу маскан кулолларнинг асосий хомашёси бўлган гилнинг кони эканини ифодалайди. Ҳудуддан ўтган Сиёб ариғи эса кулоллар ва бошқа ҳунармандлар, тегирмончилар учун бу ерда касб-ҳунар билан шуғулланиш, даромад топишнинг асосий манбаи бўлган.
Маҳаллий ҳунарманд тадбиркор Зариф Мухторов томонидан ариқ бўйида эски тегирмон тикланиб, қадимий Самарқанд қоғозини ишлаб чиқариш йўлга қўйилгач, бу маскан сайёҳлик йўналишининг бир қисмига айланди. Натижада Сиёб ариғи атрофи обод қилиниб, маҳаллада яна бошқа ҳунармандчилик устахоналари, гуруч, мой тегирмонлари ташкил этилди, оилавий меҳмон уйлари очилди ва шу тарзда Конигилга юртимиздаги биринчи туризм қишлоғи мақоми берилди.
– Ўтган йил мазкур лойиҳанинг иккинчи босқичи амалга оширилиб, Сиёб ариғи атрофи М-39 автомобил йўлигача обод қилинди, туристик объектлар бунёд этилди, – дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов. – Иккинчи босқичда 22 гектар майдон қамраб олинган ҳолда Сиёб ариғи тозаланди, атрофи ободонлаштирилди. Ариқ ёқалаб йўл очилди, 2,5 километр масофада велойўлак ва 3,5 километр пиёдалар йўлаги ташкил этилди. Ҳудудда маҳалла аҳолиси ва тадбиркорлар томонидан 51 та объект, яъни меҳмон уйлари, савдо расталари, ҳунармандчилик устахоналари, миллий услубдаги умумий овқатланиш шохобчалари, дам олиш масканлари бунёд этилди.
Ўтган йилги ишлар ҳақида гапирганда давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йил 6 февралда Самарқанд туманидаги Оҳалик, Оқўйро ва Миронқул маҳаллалари ҳудудида умумий майдони 4656 гектар бўлган туристик-рекреацион зонаси ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинганлигини алоҳида қайд этишни истардим. Тоғли ҳудудда жойлашган ушбу маҳаллаларда ҳам туризмни ривожлантириш учун жуда катта имкониятлар мавжуд. Қарордан сўнг туман ҳокимлиги ҳузурида туристик зона дирекцияси ташкил этилиб, хорижий ҳамкорлар билан биргаликда мазкур лойиҳанинг мастер режаси ишлаб чиқилди. Бу ерда тоғ туризми бўйича “зиплайн”, “банжи-жампинг” ва “зорбинг” аттракционлари, канатли парк, дор йўллари, делтаплан ва параплан ёки ҳаво шарида учиш каби экстремал туризм йўналишлари йўлга қўйилади. Меҳмон уйлари, замонавий жойлаштириш воситалари ташкил этилади. Ҳозир бу борада амалий ишлар бошланган.
Маълумотларга кўра, 2024 йилда вилоятга 2 миллион 523 минг нафар хорижлик ва 4 миллион 715 минг нафар маҳаллий сайёҳ келган. Уларнинг Самарқандда бўлиши 2 кундан 2,7 кунга, туризм хизматлари экспорти 537 миллион АҚШ долларига етган.
Ҳозир вилоятда 18 минг ўринли 642 та жойлаштириш воситаси, жумладан, 175 та меҳмонхона, 344 та оилавий меҳмон уйи ва 121 та хостел мавжуд. 389 та сайёҳлик компанияси, 680 нафар гид-таржимон, 11 та туризм ахборот маркази фаолият кўрсатмоқда. Туристик синфга мансуб 125 та автобус ва 120 та микроавтобусдан самарали фойдаланилмоқда. Кейинги йилларда вилоятдаги меҳмонхоналар тармоғи замон талабларига мослаштирилиб, дунёнинг ТОП-50 талигига кирувчи “HILTON” (АҚШ), “MOVENPICK” (Франция), “WELNESS HOTEL” (Австрия), “MINYOUN” (Хитой) каби халқаро меҳмонхона брендлари жалб этилди.
Умуман, йил давомида умумий қиймати 459 миллиард сўмлик 33 та инвестицион лойиҳа ишга туширилди ва 3150 та янги иш ўрни яратилди.
– Вилоятимизга хорижий туристларни кўпроқ жалб этиш мақсадида ўтган йил Малайзия, Индонезия, Корея, Япония, Латвия, Польша, Франция, Канада, Венгрия, Испания, Буюк Британия, Янги Зеландия, Хитой Халқ Республикаси, Тожикистон, Қирғиз Республикасида бўлиб ўтган халқаро форум ва кўргазмаларда иштирок этиб, Самарқанднинг туризм салоҳияти тақдимотлари ўтказилди, – дейди Р.Қобилов. – Ўз навбатида 90 дан ортиқ хорижий мамлакат йирик туризм ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари учун вилоятимизга инфо-турлар уюштирилди.
Бу йил Самарқандга 2,55 миллион нафар хорижий сайёҳни жалб этиш ва туризм хизматлари экспортини 550 миллион АҚШ долларидан ошириш режалаштирилган, шунга яраша дастур ва лойиҳалар тайёрланган. Хусусан, инвестиция дастури доирасида қиймати 2 триллион 63 миллиард сўмлик 30 та лойиҳа амалга оширилади. Лойиҳаларнинг 10 таси (868 миллиард сўмлик) янги меҳмонхоналар ташкил этиш билан боғлиқ бўлса, 15 таси умумий овқатланиш ва дам олиш масканлари, 3 таси савдо ва кўнгилочар масканлар, 2 таси санаторий ва соғломлаштириш марказидан иборат.
Конигил ва Терсак маҳаллалари тажрибаси асосида туманлардаги 14 та ҳудудга “туризм қишлоғи” мақомини бериш режалаштирилган. Бу маҳаллаларда 309 та меҳмон уйлари, хостел, кемпинг, ўтов нуқталари, 138 та овқатланиш масканлари, 60 та савдо нуқталари, замонавий туристик хизматлар (ҳаво шарлари, параплан, осма дор йўли ва бошқалар) ташкил этилади. Натижада 1520 та янги иш ўрни яратилиб, 13,2 миллиард сўм қўшимча солиқ тушуми таъминланади.
Мисол учун, Ургутнинг Чор чинор ва Омонқўтон, Нурободнинг Оқсой ва Нурбулоқ маҳаллаларида сайёҳликнинг турли йўналишларини ривожлантириш имкониятлари бор. Ҳозирги кунда бу маҳаллаларда 50 дан ортиқ уй-меҳмонхона ташкил этилган, мавсумда 60 мингдан ортиқ турист ташриф буюради.
Хорижлик сайёҳларни Самарқандга кўпроқ жалб этишга ҳар бир халқнинг ўзига хос қадриятлари, турмуш тарзидан келиб чиқиб ёндошилмоқда. Масалан, тоғли ҳудудлардаги термал булоқлар негизида Япония тажрибаси асосида термал туризмини жадал ривожлантириш ва япониялик туристларни жалб қилишни мўлжаллаяпмиз. Хитойлик сайёҳлар сонини ошириш мақсадида февраль ойида Самарқандда “Хитой Янги йил байрами” ташкил этилади, Ўзбекистон-Индонезия туроператорлари иштирокида туристик форум ўтказилади.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳрида “Наврўз Гастро”, “Кабоб фестивали”, “Ипак йўли бозори”, Булунғур туманида “Помидор сайли”, Каттақўрғон туманида “Шарқ ширинликлари”, Қўшработ туманида “Қўшработ навоси” каби халқаро фестиваллар ўтказилиши режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 29 ноябрдаги “Самарқанд вилоятида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам ҳудудда туризмни ривожлантириш билан боғлиқ бир қатор вазифалар белгиланган.
Жумладан, вилоятдаги сув иншоотлари ва улар атрофидан самарали фойдаланиш мақадида Ургут, Тойлоқ, Самарқанд, Пастдарғом туманлари ва Самарқанд шаҳри ҳудудидан ўтган Дарғом канали бўйида 35,7 километр масофада кўнгилочар савдо ва хизмат кўрсатиш объектларидан иборат туристик маршрут ташкил этилади.
Каналларда кўп функцияли кўприклар қурилиб, бу объектлардан хориждаги сингари савдо ва кўнгилочар масканлар сифатида фойдаланилади. Жорий йилда Нарпай каналининг Каттақўрғон шаҳри ҳудудидан ўтган қисмида ташаббускор инвестор маблағлари ҳисобидан гастрономик кўприк мажмуасини қуриш режалаштирилган. Гастрономик кўприк туну кун фаолият кўрсатади ва унда енгил конструкцияли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади.
2025-2026 йилларда Ургут туманининг Чорчинор тоғли ҳудудида қиймати 25 миллион доллар бўлган замонавий дор йўли ва туризм мажмуаси қурилади.
Булардан ташқари, жорий йилда вилоятда туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган яна ўнлаб лойиҳалар, тадбирлар режалаштирилганки, уларнинг барчаси Самарқанднинг йирик туризм марказларидан бирига айланишини таъминлайди. Мисол учун, айни пайтда янгидан бунёд этилаётган ва жорий йилда очилиши кутилаётган Имом Бухорий мажмуаси фаолият бошлаши билан Самарқанда зиёрат туризми имкониятлари яна ҳам кенгаяди. Ёки шу йилнинг октябрь ноябрь ойларида илк бор Париждан бошқа шаҳарда, яъни Самарқандда ЮНЕСКО Бош ассамблеясининг 43-сессияси ўтказилиши ҳам қадимий ва ҳамиша навқирон кентга сайёҳлар оқимини ошириши табиий. Биргина ушбу сессияга дунёнинг юздан ортиқ давлатидан 6000 дан кўпроқ иштирокчи келиши кутилмоқда.
Шу ва бошқа омиллар 2025 йил Самарқанд туризми учун янги тараққиёт даврининг бошланиши бўлиб тарихга киришидан далолат бериб турибди.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари