Академик аскарлар билан суҳбат қилди

126

Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида “Ватанпарварлик миллий қадриятларимизнинг мустаҳкам устуни” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, академик Турсунали Қўзиев, Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи директори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Айжамал Юсупова, Қорақалпоғистон Республикаси Маданий мерос бошқармаси бадиий экспертиза шўъбаси бошлиғи Серикбай Байбосинов ҳамда бир гуруҳ муддатли ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Тадбир меҳмонлари мавзу юзасидан ўз маърузалари билан қатнашаркан, Ватан тинчлиги ва озодлиги, тараққиёти йўлида хизмат қилган аждодларимиз қолдирган бой маънавий меросдан сўз очдилар. Юртимизда қад ростлаб турган маданий мерос объектлари ва уларнинг тарихи ҳақида гапиришди, ватанпарварликнинг моҳиятини теран англамоқ лозимлигини уқтиришди. Тадбир қизғин суҳбат, савол-жавобларга бой ўтди. Юртимизнинг ривожига улкан ҳисса қўшиб келаётган замондош арбоблар билан кечган мазмунли давра суҳбати ёш аскарларда катта таассурот қолдирди.

Тадбир сўнггида меҳмонлар Шимоли-ғарбий ҳарбий округ тарихини ўзига жо этган музей экспонатлари билан танишди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири