Пойтахтнинг яна бир кўчаси замонавий дам олиш масканига айлантирилади
Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани Гулханий кўчасида жойлашган Анҳор канали бўйида катта реконструкция ишлари бошлаб юборилган. Ушбу лойиҳа натижасида мазкур ҳудуд шаҳарликлар ва меҳмонлар учун замонавий сайр масканига айлантирилиши режалаштирилган.
Қайд этилишича, лойиҳага кўра, Анҳор канали бўйида 13 060 м² ҳудуд бетон-тротуар билан қопланади. 6 847 м узунликдаги бордюр-тўсиқлар ўрнатилади, 11 030 м² йўлак брусчатка билан қопланади, баскетбол майдони ва теннис столлари ташкил этилади.
Шунингдек, 2 640 м² ҳудудда болалар ва скейтборд майдончалари қурилади, амфитеатр барпо этилади. 29 200 м² ҳудудга чим экилиб, суғориш тизимлари ўрнатилади, замонавий фаввора қурилади, 100 та чиқинди урнаси жойлаштирилади. 1 740 м² ҳудуд резина қоплама билан қопланади. Шу билан бирга, 1 955 м² велойўлаклар ташкил этилади, 170 дан ортиқ кўча ёритгичи ўрнатилади, 200 дан ортиқ ўриндиқ жойлаштирилади.
Мазкур реконструкция ишларининг якунланиши билан Гулханий кўчаси аҳолининг 24/7 ҳордиқ чиқариши ва фаол дам олиши учун энг яхши масканлардан бирига айланади. Канал бўйлари шаҳарга хос янги жозибадорликни тақдим этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА