Президент қарори лойиҳаси бўйича экспертлар фикрлари ва тавсиялари тингланди

Иқтисодиёт ва молия вазирлигида “Яшил” инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда энергия самарадорлигини ошириш ва барқарор иссиқлик таъминотини таъминлаш масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров раҳбарлигида ўтказилган тадбир халқаро молия институтлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Мазкур тадбирда мавжуд биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш, марказлашган иссиқлик таъминотини ислоҳ қилиш ва барқарор ривожлантиришга қаратилган Президент қарори лойиҳаси бўйича эксперт фикрлари ҳамда тавсиялар тингланди.
Давра суҳбатида халқаро молия институтлари ва ташкилотлари вакиллари билан бирга, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Энергетика, Соғлиқни сақлаш, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликларининг масъуллари иштирок этди.

Тадбир давомида мавжуд биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш, энергия йўқотишларини камайтириш ва марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини таҳлил қилиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун замонавий технологик ечимларни жорий қилиш зарурлиги таъкидланди.

Қарор лойиҳасида энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш, биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланадиган энергия манбаларини интеграция қилиш, энергия йўқотишларини минималлаштириш ва барқарор иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш чоралари белгиланган.

Қарорни ишлаб чиқиш жараёнида Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ва Халқаро энергетика агентлиги каби ташкилотларнинг тавсиялари ва тажрибаси инобатга олинди.
Давра суҳбатида Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки экспертлари ўз тақдимотлари билан иштирок этиб, энергия самарадорлиги ва иссиқлик таъминоти тизимини такомиллаштириш стратегияларини тақдим этдилар. Шунингдек, БМТТД, Халқаро молия корпорацияси, GIZ ва бошқа ташкилотлар вакиллари томонидан Ўзбекистоннинг иссиқлик таъминоти соҳасини модернизация қилишда “яшил” технологиялардан фойдаланиш бўйича таклифлар билдирилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА