Қирғизистон ва Тожикистон чегара ҳудудларини алмашишга келишди

Қирғизистон ва Тожикистон чегара яқинидаги қишлоқлар ерларини ўзаро алмашишга келишиб олди, деди Президент Садир Жапаров.
– Бизда шахмат тахтаси шаклидек тартибланган, уйлар аралашиб кетган қишлоқлар бор, – деди давлат раҳбари “Кабар” агентлигига берган интервьюсида. – Бу масалани ҳал қилдик. Чегарани қўриқлаш ҳар икки томон учун жиддий ноқулайлик туғдираётган эди. Энди биз томондаги Тожикистон фуқаролари уйлари ва худди шундай уларнинг ҳудудидаги қирғизистонликлар кўчирилади. Албатта, бу жараёнда ҳовлиларнинг майдони, ҳар бир метр жой ҳисобга олинади.
Жапаров давлатлар ўртасидаги чегара масаласи амалда ҳал этилгани, ҳозир ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича икки томонлама иш олиб борилаётганига ҳам тўхталган:
– Жараён ниҳоясига етгач, тегишли ҳужжатни ҳукуматлараро комиссия, сўнгра ташқи ишлар вазирлари имзолайди. Кейин битим икки давлат парламентлари томонидан ратификация қилинади. Сўнгра келишувни биз –Президентлар имзолаймиз. Ноталар алмашилгач, икки-уч йил демаркация амалиёти давом этади. Шундан кейингина иш тўлиқ якунига етган ҳисобланади. Энг муҳими, икки томонлама келишувга эришдик.
Маълумки, қарийб минг километрга чўзилган Қирғизистон ва Тожикистон чегарасининг айрим жойлари ҳали делимитация қилинмагани, ўртада ноаниқ ҳудудлар мавжудлиги туфайли вақти-вақти билан маҳаллий аҳоли, икки давлат чегарачилари ўртасида можаро чиқиб туради.
Ўтган йил декабрь ойи бошида Қирғиз Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев тожикистонлик ҳамкасби Саймўмин Ятимов билан учрашгач, Бишкек ва Душанбе давлат чегаралари баҳсли ҳудудлари бўйича якуний келишувга эришилгани маълум қилинган. Ўшанда чегара чизиғини қонуний расмийлаштириш бир неча ой давом этиши таъкидланган.
С.Раҳимов, ЎзА