Университетда ижодий кеча

303

Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон ва Беларусь Ёзувчилар уюшмалари аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби, ёзувчи ва шоир Исмат Кўчиев таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан ижодий учрашув ўтказилди.

1955 йилда Самарқанд вилоятининг Ургут туманида туғилган И.Кўчиев мазкур даргоҳда таҳсил олган. Йигирма йилдан ортиқ вақт давомида давлат органларида фаолият кўрсатган. Шу билан бирга бадиий ижод, илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланган.

Тадбирда университет ректори, профессор Рустам Холмуродов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг маслаҳатчиси Салим Ашуров ва бошқалар ижодкорнинг ҳаёти, асарлари ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.

Сўзга чиққанлар Исмат Кўчиевнинг ўзбек ва рус тилларида яратган “Шараф Рашидов – победитель” (“Шароф Рашдов – ғолиб”), “Шараф Рашидов – созидатель” (“Шароф Рашидов – бунёдкор”) номли ижтимоий-сиёсий асарлари,“Жаннат райҳонлари”, “Улуғлар чорбоғи”, “Бабур. Сквозь века” (“Бобур. Асрлар оралаб”), “Болалик чорбоғи”, “Талабалик йилларим” номли шеърий китоблари ва бошқа асарлари китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинганини таъкидлади. Айниқса, муаллиф халқимизнинг севимли фарзанди, давлат арбоби Шароф Рашидовнинг ёрқин ҳаёт йўли ҳақидаги асарлари орқали шахснинг тарихдаги роли нақадар катта бўлишини исботлаб берди.

Озарбайжон халқининг улуғ фарзанди “Ҳайдар Алиевнинг ғалабаси” деб номланган китобида эса қардош халқ етакчиси Ҳайдар Алиевнинг ҳаёт йўли, сиёсатдаги зиддиятли ва шарафли фаолияти ҳақида ҳикоя қилади. Ушбу асари учун ижодкор Озарбайжоннинг “Озарбайжон дўсти” олтин медали билан тақдирланган.

– Исмат Кўчиев билан университетда бирга ўқидик, илмга, бадиий ижодга қизиқиши баланд эди, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ф.Тошев. – Бу хислатлари масъул вазифаларда ишлаганида ҳам яққол кўриниб турарди. Шунинг учун ўнлаб асарлар яратди, назм ва насрда баракали ижод қилди. Улуғ сиймолар, давлат арбоблари ҳақида аниқ манбаалар, ҳужжатлар асосида ёзган китоблари тезда китобхонлар қалбидан жой олди.

Тадбирда ижодкорнинг ўзи ҳам сўзга чиқиб, устозлари ва сафдош дўстлари, ижодкорларга миннатдорлик билдирди, ёшларни Ватанни севишга, юрт равнақи учун хизмат қилишга даъват этди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари