Сув кодекси сувдан фойдаланишга доир муносабатларга асос бўлади
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
— Сув ва сувдан фойдаланиш соҳасида ягона ҳуқуқий ҳужжат яратиш мақсадида ишлаб чиқилган Сув кодекси лойиҳасида бир қатор муҳим нормалар ўз аксини топмоқда, — деди Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Равшан Мамутов. — Жумладан, унда белгиланаётган нормалар сувдан оқилона фойдаланиш, самарали бошқариш ва муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга, сув етказиб берувчилар ва сув истеъмолчиларининг масъулиятини оширишга, сувдан фойдаланишда рухсатнома олиш тартиби соддалаштирилишига хизмат қилади.
Кодекс лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасида масъул органларнинг ваколатлари, вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш, сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик механизмларини кенгайтириш, сувдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш шартларини соддалаштириш, сувни истеъмолчилар орасида тақсимлашнинг янги механизмлари жорий этишга алоҳида аҳамият қаратилди.

Бундан ташқари, кодекс лойиҳасида сув ресурсларини бошқариш, улардан фойдаланиш ва муҳофаза қилишга доир комплекс ҳамда мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, сув тежовчи технологиялардан кенг фойдаланишни рағбатлантириш масалалари акс этмоқда.
Шунингдек, сув тўғрисидаги қонунчиликни бузган юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлиги ўз аксини топмоқда. Хусусан, сувдан фойдаланишда белгиланган лимитдан ортиқча фойдаланилган ҳар минг куб метр сув учун биринчи марта БҲМнинг 20 фоизи миқдорида жарима солиш назарда тутилмоқда.
Иккинчи марта фойдаланилган ортиқча сув учун эса 10 баробар кўп жарима солиш кўзда тутилган. Муҳокамаларда депутатлар 10 баробар жуда кўп экани, уни камайтириш лозимлигини қайд этишди. Муҳокама ва таклифлардан сўнг 10 баробар ўрнига 5 баробар қилиб белгилашга келишилди.
Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган ҳужжат муҳокамаларида яна бир қатор саволлар ўртага ташланди. Айрим нормаларни маромига етказиш лозимлиги айтилди. Шунинг учун кодекс лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА