Абдуқодир Ҳусанов жамоаси ғалаба қозонди

Кеча футбол бўйича Англия Премьер лигасида 23-тур учрашувлари бошланди.
Мазкур турнинг “Манчестер Сити“ — “Челси“ клублари баҳсига “Этиҳад“ стадиони мезбонлик қилди. Қувонарлиси, мазкур учрашувда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити“даги дебют ўйинини ўтказди. У учрашувни асосий таркибда бошлади ва 53 дақиқа ҳаракат қилди. Ўйин давомида сариқ карточка олишга ҳам улгурди. Албатта, Абдуқодир Ҳусанов мазкур ўйинда айрим хатоларга йўл қўйди, бироқ учрашувни ёмон ўтказмади.

Дарвоқе, ушбу учрашувда “Манчестер Сити” 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу натижадан сўнг “МС” очколар сонини 41 тага етказган ҳолда “Челси”дан ўзиб кетди ва 4-поғонага кўтарилиб олди. “Челси” эса 40 очко билан 6-ўринга тушиб кетди.
Бу ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида “Манчестер Сити“ устози Пеп Гвардиола Абдуқодир Ҳусанов ҳақида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

– Мен Ҳусановни хатолар учун эмас, сариқ карточкаси борлиги учун алмаштирдим. Шунингдек, Жон Стоунз оз бўлсада, ўйнаши муҳим эди. Сабаби, у энди жароҳатдан қайтди ва ўйин ритмига тушиб олиши керак. Биласиз, Мармуш, Ҳусанов ва Витор ўша учрашувда ўйнай олмайди.
Абдуқодир Ҳусанов инглиз тилини билмайди. Шунинг учун мен у билан гаплаша олмаяпман. Яхши, унда мен рус ёки ўзбек тилини ўрганаман.

У учун осон эмас. У бир марта машқ қилди, сўнгра Николас Жексон, Коул Палмер, Нони Мадуэке, Жадон Санчога қарши ўйнашга тўғри келди. Бу ёш ўйинчи, бу жараённинг бир қисми. У ҳали ўрганади. Бундай вазиятлар ўйинчининг энг яхши сабоқ олишига сабаб бўлади.
Жамоамиз у билан бирга. Ҳамма хато қилади. Мухлисларимиз ҳар доим янги футболчиларни қўллаб-қувватлайдилар. Абдуқодир Ҳусанов ҳали ёш, ўрганиб кетади.

Шунингдек, “Манчестер Сити“ ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд “Челси“га қарши баҳсдан сўнг дебют қилган Абдуқодир Ҳусанов ҳақида ўз фикрларини билдирди:
– Абдуқодир Ҳусанов кучли ҳимоячи. Бу унинг учун илк ўйин эди. Асабийлашиш нормал ҳолат. Мен ҳам “Ливерпуль“га қарши илк ўйинимда шунга ўхшаш ҳолат бўлганини эслайман. Унга яна бир нечта ўйин беринг, шунда кўрасиз, — деди норвегиялик ҳужумчи.
Энди “Манчестер Сити“ иккинчи февраль куни АПЛнинг 24-турида “Арсенал” майдонига ташриф буюради.
Англия Премьер лигасининг 23-турида “Борнмут” – “Ноттингем Форрест” 5:0, “Брайтон” – “Эвертон” 0:1, “Ливерпуль” – “Ипсвич Таун” 4:1, “Саутгемптон” – “Ньюкасл” 1:3, “Вулверхэмптон” – “Арсенал” 0:1 ҳисобидаги натижалар қайд этилди.
Бугун, 26 январь куни АПЛнинг 23-тур учрашувлари давом эттирилади. Унда “Кристал Пэлас” – “Брентфорд”, “Тоттенхэм” – “Лестер”, “Астон Вилла” – “Вест Хэм”, “Фулхэм” – “Манчестер Юнайтед” клублари баҳсига гувоҳ бўламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА