ИҲТ доирасида медиа-контентни рақамлаштириш масаласи муҳокама қилинди

Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи (UNA-OIC) Ижроия кенгашининг 26-сессияси бўлиб ўтди.
Онлайн тарзда уюштирилган учрашувда дастлаб Саудия Арабистони ахборот агентлиги (SPA) раҳбари Али бин Абдуллоҳ Ал-Зайд медиа соҳаси беқиёс янгиликларни бошдан кечираётгани, бу йўлда ҳамқадам бўлиш учун оммавий ахборот воситалари ўз хусусияти ва иш услубида чуқур ўзгаришлар қилиши зарурлигини таъкидлади. Иттифоқ медиа макондаги глобал жараёнга уйғун ривожланиши, барча тармоқларда энг зарур медиа-контент ишлаб чиқариш учун соҳани рақамлаштириш дастур ва усуллари устида иш олиб бориши лозимлигига тўхталди. Айни жараёнда SPA янги лойиҳаларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш вазифасини ўз зиммасига олиши, янада замонавийлашиши, ижодий жараённи яхшилаш йўлида илдамлаши муҳимлигини қайд этди.
ИҲТ Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа сўнгги бир неча йил ичида биргаликда эришилган сезиларли муваффақиятлар юксак қадрланишини эътироф этди.
UNA-OIC бош директори Муҳаммад бин Абд Раббо Ал-Ямий ушбу масалаларни ҳал этиш, аъзо давлатлар интилишларини рўёбга чиқаришда Иттифоқ ролини кучайтиришга қаратилган мазкур йиғилишнинг аҳамиятига эътибор қаратди. Унинг айтишича, тузилма сўнгги йилларда аъзо давлатлар кўмаги билан молиявий тикланиш босқичига қадам қўйган. Нотиқ ўқув дастурлари, конференция ва медиа-форумлар ташкил этиш, турли масалалар бўйича ОАВ саъй-ҳаракатини мувофиқлаштириш, ИҲТ таркибидаги турли идоралар нуфузини оширишга йўналтирилган фаолиятни таҳлил этиш, аъзо агентликларда рақамли трансформацияни рағбатлантириш бўйича таклифларини билдирди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА