Экологик маркировка белгиси тасдиқланди

176

Жорий йил 20 январь куни “Ўзбекистон Республикасида маҳсулот ва хизматларни ихтиёрий экологик маркировкалаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан мамлакатда ISO 14024 халқаро стандарти асосида бутун ҳаётий давр бўйича «Яшил белги» маҳсулот ва хизматларни ягона ихтиёрий экологик маркировкалаш тизими жорий этилади.

Экология вазирлиги «Яшил белги» тизимини тартибга солиш бўйича ваколатли орган ҳисобланади ҳамда унга бир қанча вазифалар юкланмоқда.

Хусусан, вазирлик экологик маркировкалаш тизимини тартибга солиш ҳужжатларини, шу жумладан, қоидалари, хорижий экологик маркировка тизимларини тан олиш ҳамда экологик маркировка белгисини қўллаш тартибларини тасдиқлайди.

Шу билан бирга, экологик маркировкалаш органларига қўйиладиган талабларни белгилайди ҳамда уларни авторизациядан ўтказади.

Экология вазирлиги ҳузуридаги «Давлат экологик сертификатлаштириш ва стандартлаштириш маркази» масъулияти чекланган жамияти экологик маркировкалаш тизимининг оператори этиб белгиланди.

Маҳсулот ва хизматларга берилган экологик маркировкалаш сертификатининг ҳақиқийлиги ва амал қилиш муддатлари тўғрисидаги маълумотларни тасдиқлаш ҳамда очиқлигини таъминлаш мақсадида ушбу сертификатлар реестрини юритиш, экологик маркировкалаш органлари манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича экологик маркировка белгисидан тўғри фойдаланилишини оммалаштириш ҳамда унинг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш вазифалари белгиланган.

Ш.Маматуропова, ЎзА