Сенат озиқ-овқат хавфсизлигига доир қонунни маъқуллади
Сенатда “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди. Қонун билан истеъмолчилар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда, шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига бир қатор ваколатлар берилмоқда.
– Ўзбекистон ўзининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш орқали хорижий давлатларнинг озиқ-овқат таъминотига ҳам салмоқли ҳисса қўшиб келаётгани халқаро ҳамжамият томонидан мунтазам эътироф этилмоқда, – деди Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Гулнора Маруфова. – Хусусан, БМТ озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида минг йиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун махсус мукофотга сазовор бўлган 14 та давлат орасида Ўзбекистоннинг ҳам борлиги эътиборга молик.
Қонун 5 та боб, 25 та моддадан иборат бўлиб, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни мақсад қилади.

Қонунда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган. Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишнинг минимал нормаларига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсининг айланма захирасини шакллантириш ҳамда аҳолини ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан етарли миқдорда ва узлуксиз таъминлаш имкониятларини кенгайтириш шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, давлат озиқ-овқат маҳсулотларининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган санитария, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради.
Ташқи иқтисодий фаолиятни фаоллаштириш, шунингдек ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг экспорти ва импорти ўртасидаги мақбул мувозанатни сақлаш ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг йўналишларидан бири ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ваколатли давлат органи сифатида белгиланмоқда.
Унга республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсини ишлаб чиқариш билан боғлиқ фаолиятни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тайёрлаш, озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир этувчи омилларни ўрганиш асосида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ва ривожлантиришга доир қисқа, ўрта ҳамда узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқиш каби бир қатор ваколатлар берилмоқда.
Шунингдек, қонунда озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигига йўл қўймаслик бўйича давлат томонидан кўриладиган чоралар, озиқ-овқат балансини шакллантириш, истеъмолчиларнинг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Умиджон Қурбонов,
Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА