Инвестициялар ва инвестиция фаолиятининг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилади

203

Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Қонун юзасидан Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов маъруза қилди.

– 2024 йилда хорижий инвестициялар 1,6 бараварга ўсиб, 34,9 миллиард долларни ташкил қилган, – деди О.Маматкаримов. – Қиймати 10 миллиард долларлик 242 та йирик ва ўрта лойиҳа ишга туширилган. Экспорт илк бор 27 миллиард долларга етди. Сўнгги етти йилда 120 миллиард долларлик инвестиция ҳисобига 6 мингдан ортиқ корхона ишга туширилган. Мазкур қонун инвестиция фаолияти соҳасидаги ягона давлат сиёсатини, хусусан, тўғридан-тўғри инвестицияларни амалга ошириш чоғида юзага келадиган муносабатларни тартибга солади.

Қонунда мамлакатимизда қулай инвестициялар муҳитини яратиш, тўғридан-тўғри инвестицияларни фаол жалб қилиш, шунингдек, маҳаллий ва хорижий инвестор ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш назарда тутилган.

Шунингдек, камбағалликни қисқартириш, аҳолининг соғлиғини сақлаш, сифатли таълим, табиий ресурслардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш, қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш ҳам ушбу қонуннинг мақсадларидан ҳисобланади.

Бундан ташқари, инвестициялар ва инвестиция фаолиятига оид асосий тушунчалар, принциплар ва мақсадлар белгиланмоқда. Хусусан, инвестициялаш эркинлиги, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, бизнесни бошқариш эркинлиги ҳамда маблағларни эркин тасарруф этишга доир кафолатлар белгиланмоқда.

Қонун билан инвестиция ҳажмига кўра кичик, ўрта, йирик, стратегик инвестиция лойиҳаларига имтиёзлар бериш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, инвестицияларни рағбатлантириш чоралари ва имтиёзлар доираси кенгайтирилмоқда. Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонада устав фондининг чет эл инвестицияларини ташкил этиши лозимлиги тўғрисидаги миқдор 15 фоиздан 10 фоизга туширилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан атрофлича муҳокама қилинди ва  маъқулланди.

Умиджон Қурбонов,

Носир Ҳайдаров (сурат),

ЎзА