“Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш бўйича мутлақо янги тизим йўлга қўйилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ипотека дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун режалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
“Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш бўйича мутлақо янги тизим йўлга қўйилиши таъкидланди.
Энди “Янги Ўзбекистон” массивига берилган ер бўйича лойиҳалашни 2 ойдан, қурилишни бошлашни 3 ойдан оширишга йўл қўйилмайди. Бу талаб бузилса, ер қайтариб олиниб, қайта аукционга чиқарилади.
Лойиҳа экспертизасини ўн беш кундан ўтказиб юборган ташкилотларнинг лицензияси тўхтатиб қўйилади.
Қурилишда “эскроу” тизими жорий қилинмоқда. Бу тизим девелоперларга ҳозиргидан пастроқ ставкада маблағ жалб қилиш имконини беради. Муҳими, девелоперларни молиялаштириш уй қуриш билан бирга бошланади ва давом этади.
Фуқаролар эса қурилиш бошидан ипотека ва субсидия олиш ҳамда уй битмасдан туриб ҳам бошқа одамга сотиш имконига эга бўлади. Бу билан уй сотиб олувчилар кафолатли ҳимояланади.
Йиғилишда таъкидланганидек, девелоперлар томонидан объектнинг 50 фоизи қурилганда, фуқаролар кредит ва субсидия олиши мумкин бўлади. Ушбу тартиб нафақат имтиёзли, балки тижорат ипотекаси учун ҳам татбиқ этилади.
Қурувчи ташкилотлар қурилишни бошлаганидан якунлагунича, лекин кўпи билан 12 ой давомида ер солиғи тўлашдан озод қилинади. Объект муддатида топширилмаса, девелопер ер солиғини 2 карра миқдорда тўлайди.
“Янги Ўзбекистон” массиви учун берилган ерларнинг 10 фоизи девелоперларга тижорат биноларини қуриши учун ягона лот сифатида савдога чиқарилади.
Бу уйларни пастки қаватида хусусий боғча ташкил қилишга рухсат берилиши, улар мулк солиғидан ҳам озод қилиниши таъкидланди.
Ҳокимларга бу массивларга кўчиб келадиган аҳолининг талабини ҳисобга олиб пастки қаватларда боғча ташкил қилишни бошлаш топширилди.
ЎзА