Ўзбекистон Малайзиянинг барқарор ривожланиш тажрибасини ўрганмоқда

228

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги делегациясининг Малайзияга ташрифи давом этмоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти директори Умид Обидхўжаев раҳбарлигидаги делегация Куала-Лумпурдаги Ислом тараққиёт банкининг (ИТБ) Иқтидорлар марказига ташриф буюрди.

Ташриф давомида барқарор молиялаштириш, ҳалол сертификатлаш саноатини ривожлантириш ва амалиётда муваффақиятдан ўтган инновацион иқтисодий ечимларни жорий этиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Жаҳон банки прогнозларига кўра, Малайзия 2028 йилгача юқори даромадли давлатлар қаторига кириши мумкин. Бунга мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсиши ва кучли валюта билан бирга инновацион иқтисодий сиёсати сабаб бўлмоқда. Малайзиянинг молиявий барқарорлик, мувозанатли ривожланиш ва илғор бошқарувга асосланган муваффақияти Ўзбекистон учун ўрганишга арзийдиган тажрибадир.

Ушбу марказ Малайзиянинг муваффақиятли иқтисодий ечимлари ва тажрибасини унга аъзо давлатлар билан бўлишиш бўйича асосий платформа ҳисобланади. Масалан, барқарор молиялаштиришда Малайзия яшил ва ислом молияси бўйича дунёда етакчи ўринларни эгаллайди.

Хусусан, Малайзиянинг углерод бирликлари савдоси ва барқарор лойиҳалар учун инновацион молия воситалари Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодиёт мақсадларига мос келади. Ҳалол сертификация экотизимини ривожлантириш бўйича марказнинг тажрибаси Ўзбекистонга глобал миқёсда зиёрат туризми ривожланиши шароитида озиқ-овқат ва туризм соҳаларида халқаро стандартларни жорий этиш ва рақобатбардошликни оширишда ёрдам беради.

Инновацион ечимлар бўйича Малайзиянинг молиявий технологиялар (fintech) ва рақамли молия бўйича илғор тажрибаси аҳолисининг аксарияти ёшлардан иборат Ўзбекистон учун улкан аҳамият касб этади.

Учрашув давомида малака ошириш дастурлари, ҳалол сертификатлаш саноатини ривожлантириш стратегиялари ва барқарор молиялаштириш бўйича ҳамкорлик режалари муҳокама қилинди.

Томонлар ҳамкорликни амалий натижаларга айлантиришга келишиб олди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА