Давлат хизматига оид вакансиялар танловларида 1,1 миллиондан ортиқ номзод қатнашди
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан 2024 йил давомида қандай ишлар амалга оширилди? Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова маълумот берди:
– Агентлик томонидан давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида изчил ишлар амалга оширилди.
Давлат хизматига энг муносибларни танлаб олишга эътибор қаратилди. vacancy.argos.uz портали орқали 70 та вазирлик ва идора ҳамда барча туман (шаҳар) ҳокимликларидаги вакансиялар бўйича 35 минг 214 танлов ўтказилди. Уларда 1,1 миллиондан ортиқ номзод қатнашди. Танловлар натижасида номзодларнинг 18 минг 813 нафари ишга қабул қилинди.
Танлов ғолибларининг 6 минг 737 нафари 30 ёшгача бўлганлар, 6 минг 615 нафари аёллар, 3 минг 47 нафари давлат хизматига биринчи маротаба қабул қилинганларни ташкил этди.
Шунингдек, портал орқали вазирлик ва идоралар тизимидаги ташкилотлардаги ногиронлиги бўлган шахсларга мўлжалланган 8 минг 850 дан ортиқ вакант лавозимга танлов эълон қилиниб, 3 минг 398 нафар ногиронлиги бўлган шахслар турли даражадаги лавозимларга ишга қабул қилинди.
Рақамлаштириш йўналишида “hrm.argos.uz” электрон платформаси тўлиқ такомиллаштирилди. 2 минг 534 ташкилот ушбу платформага уланди. 94 мингга яқин давлат хизматчиларининг маълумотлари рақамлаштирилди ва 339 мингдан ортиқ кадрларга оид идоравий ҳужжатлар тизим орқали қабул қилинди.
“hrm.argos.uz” платформасининг ҳужжатлар бўлимида меҳнат шартномалар модули ишлаб чиқилди ҳамда “Хизмат сафари” модулининг раҳбарлар ва барча ходимлар учун мўлжалланган қисмлари амалиётга жорий этилди.
“samaradorlik.uz” электрон платформаси таркибида “Раҳбар ва раҳбар ўринбосарлари”, “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси ўринбосарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ўринбосарлари”, шунингдек, туман (шаҳар) ҳоким ўринбосарлари” ҳамда “Туман (шаҳар) сектор раҳбарлари” фаолияти самарадорлигини баҳолаш модуллари амалиётга жорий этилди.
Вакант лавозимлари ягона очиқ “vacancy.argos.uz” порталининг янги таҳрири ишлаб чиқилди ва vacancy.argos.uz – “hrm.argos.uz” платформасининг таркибий модулига айлантирилди.
“test.argos.uz” тизими орқали ташкил этилаётган тест жараёнларини хавфсизлик даражасини ошириш ва номзодларга қулайлик яратиш мақсадида юзни идентификация (Face ID) қилиш тизими жорий этилди.
Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази тўлиқ рақамлаштирилди: “assessment.argos.uz” электрон платформаси ишлаб чиқилди. Давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини амалга оширишга мўлжалланган Ягона онлайн масофавий таълим “edu.argos.uz” платформаси жорий этилди.
Корея Персонални бошқариш вазирлиги, Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат хизмати ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш ишлари бўйича давлат агентлиги ва БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорлик ўрнатиш тўғрисида тегишли ҳужжатлар имзоланди.
БАА, Австрия, Германия, Чехия, Латвия, Франция, Россия, Туркия, Корея, Хитой, Япония, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон каби мамлакатларга жами 20 дан ортиқ хорижий малака ошириш курслари ва хизмат сафарлари ташкил этилди. Уларда 120 нафардан ортиқ давлат хизматчилари иштирок этди. 10 дан ортиқ семинар ва тренинглар ўтказилиб, уларда 200 нафарга яқин давлат хизматчиси иштирок этди.
Инсон ресурсларини стратегик режалаштириш тизимини босқичма-босқич жорий этиш мақсадида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан жалб этилган хорижий эксперт кўмагида лойиҳа ишга туширилган. Тоғ-кон саноати ва Геология ҳамда Рақамли технологиялар вазирликларида мазкур тизимда апробациядан ўтказилмоқда.
Давлат хизматини ривожлантиришга қаратилган 19 норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА