2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш тизими такомиллаштирилади (+видео)
Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Айтиш керакки ушбу қарор аввалги шу йўналишдаги ҳуқуқий ҳужжатлардан тубдан фарқ қилади ва бу борада аниқ механизмлар шакллантирилган. Айниқса хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилиб, мақбул жиҳатлари тадбиқ қилиниши келгусида ўз самарасини беради. Яна бир муҳим жиҳат, мазкур қарор йил дастурида белгиланган йўналишларга жуда яқин бўлиб, атроф-муҳит муҳофазаси, аҳолини даромадли қилиш, “Яшил энергетика”ни ривожлантириш, кўчат экиш каби тадбирларга устуворлик берилган.
Албатта қарорда аҳоли манфаатларига хизмат қилувчи бошқа жиҳатлар ҳам мавжуд. Бу ҳақида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини шакллантириш, бўш иш ўринлари ҳисобини юритиш, ишсизларни ишга жойлаштиришни ташкил этиш департаменти бошлиғи Мурод Муҳаммадиев билан суҳбатлашдик.
– Айтинчи бу қарор аввалги шу йўналишдаги ҳуқуқий ҳужжатлардан нимаси билан фарқ қилади?
– Бу йилги қарорнинг ўзига ҳос жиҳати шундаки ҳар йили “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қарор қабул қилинган бўлса, бу галгиси “Аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор сифатида қабул қилинди. Яъни, камбағалликдан чиқаришни асосий йўлларидан бири бу – аҳолини бирор-бир даромадли меҳнат билан таъминлаш, банд қилишдан иборат. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, бу қарор бир қанча муҳим жиҳатларни қамраб олади.
Қолаверса бу қарорда 5.2 миллион аҳолини иш билан банд қилиш ҳамда 1.5 миллион нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланган.
5.2 миллион рақами жуда кўп бўлиб туюлиши мумкин. Ишсизлар сони 800 минг нафарни ташкил қилса. Нима учун бунчалик катта режа олинди? – деган саволлар туғиляпти. Албатта бу бежизга эмас. Бу ерда нафақат ишсизларни, балки ҳар йили меҳнат бозорига кириб келадиган ёшларимиз ҳам назарда тутилган.
1.5 миллион нафарга яқин мактабни, касб-ҳунар мактабларини, қолаверса, олий таълим битирувчиларини ҳам иш билан таъминлаш эътиборга олинган. (давоми видеода)
Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, ЎзА