«Адолат» СДП: Ногирон бўлиб қолган гўдак учун жавобгарлик кимнинг зиммасида?

313

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Адолат» СДП фракцияси аъзоси Мавлудахон Адхамжонова Соғлиқни сақлаш вазири А. Худаяровга депутат сўрови юборди.

«Адолат» СДП Матбуот хизматига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси депутати Мавлудахон Адхамжонова сўнгги кунларда ижтимoий тармоқларда тарқалиб, аҳоли орасида турли муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолат — Тошкент шаҳрида иситма билан мурожаат қилган чақалоққа нотўғри муолажа қўлланилиши оқибатида қўлида гангрена ривожланиб, кесиб ташланганлиги юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига депутатлик сўрови юборди.

Депутат сўровида «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига мувофиқ, вазирдан  қуйидаги саволларга асосли тушунтириш бериш ҳамда ўз нуқтаи назарини баён этишни сўраган:

1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати, нотўғри тиббий муолажа натижасида инсон саломатлигига зарар етказилишининг олдини олиш бўйича қандай тизимли ишлар амалга оширилмоқда?

2. Вазирлик томонидан барча тиббий муассасаларда фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиши устидан назоратини амалга оширилиши ҳолати қай даражада? Нима сабабдан, инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириш даражасидаги ҳолатларга йўл қўйилмоқда?

3. Даволаш-профилактика муассасаларида инфекцияларнинг тарқалишини олдини олиш ва санитария қоидаларига риоя этиш қай даражада амалга оширилмоқда?

4. Мазкур ҳолат бўйича айбдорларни аниқлаш ва келажакда бу каби ҳолатларни қайтарилмаслиги юзасидан қандай қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

ЎзА