Давлат дастури — барқарор тараққиёт ва «яшил» иқтисодиётга йўл
“Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили» давлат дастури лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси эртага, 22 январь куни якунига етади. Таъкидлаш жоизки, жамоатчилик муҳокамалари давомида дастур лойиҳасининг 5 та устувор йўналишидан ўрин олган мақсад-вазифаларни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Лойиҳани пишитишга қаратилган давра суҳбатлари, тадбирлар ташкил этилди.
Давлат дастури лойиҳасида йил номидан келиб чиқиб экологик масалаларга устуворлик берилгани, ҳар бир йўналишдаги мақсадлар яшиллик сиёсати билан уйғунлаштирилгани эътиборга молик.
— Бугунги кунда атроф-муҳитни асраш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини ривожлантириш, сув ресурсларини самарали бошқариш каби масалалар энг долзарб йўналишлар сирасига киради, — дейди парламент қуйи палатаси депутати Гулчеҳра Тожибоева. — Дунё бўйлаб иқлим ўзгаришларининг тобора ортиб бораётгани глобал исиш, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, сув танқислиги, озиқ-овқат хавфсизлиги каби муаммоларни кун тартибига олиб чиқмоқда. Юртимизда ҳам атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиётга ўтиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани бежиз эмас.
Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосини кузатувчи қўшимча 7 та автоматлаштирилган станция ўрнатиш, Орол денгизининг суви қуриган тубида ва Оролбўйи минтақасида 200 минг гектарлик «яшил қопламалар» барпо этиш режалари бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг ёрқин мисолидир.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларида ҳам «яшил қопламалар» барпо этиш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, молиялаштириш масалалари ҳал этилмоқда. Эътибор берадиган бўлсак, давлат дастури лойиҳасида барча йўналишдаги чора-тадбирлар ва белгиланган вазифалар ҳудудлар кесимида йўналтирилгани айнан шу ҳудуднинг ривожланишига тўғридан-тўғри хизмат қилади.
Шунингдек, мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш, технологик ривожланиш ва рақобатбардошликни кучайтириш бир вақтнинг ўзида ҳаёт сифатини яхшилаш, соғлом муҳит яратиш ва табиий ресурсларни асраб-авайлаш билан уйғунлашиши лозим. Қайта тикланувчи энергия манбаларининг кенгайиши, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимининг ривожи, сув ресурсларини бошқаришда халқаро тажрибани ўрганиш ва татбиқ этиш орқали эришиладиган ижтимоий-иқтисодий тараққиёт бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб.
Давлат дастурида белгиланган 6 фоиз иқтисодий ўсиш бир вақтнинг ўзида, ижтимоий барқарорлик ва атроф-муҳит муҳофазасини ҳам янги босқичга олиб чиқиши лозим. Фуқаролар билан ҳамкорликда экологик тарбияни кенгайтириш, энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш, иқтисодий-ижтимоий ўсишга эришиш орқали Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам ошади.
Умуман, «Ўзбекистон–2030» стратегияси доирасида ишлаб чиқилган давлат дастури иқтисодий ва экологик барқарор ривожланиш, қонунчиликни такомиллаштириш, замонавий бошқарув тизимини жорий этиш ва фуқаролар билан самарали ҳамкорлик қилиш каби комплекс вазифаларни ўзида жамлаган муҳим ҳужжатдир.
Унда белгиланган мақсадлар нафақат бугунги кун эҳтиёжларини қондириш, балки келажак авлодлар фаровонлигига замин ҳозирлаш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини юксалтириш ва барқарор тараққиётга эришиш йўлида мустаҳкам пойдевор яратади, — дейди Г.Тожибоева.
Дарҳақиқат, бугунимиз ва эртанги равнақимизга асос бўлувчи дастуриламал ҳужжат, унда кўзда тутилган вазифалар ҳар биримизга дахлдор. Унинг халқчил ва ҳаётий ҳолда такомиллаштирилиши эса барқарор тараққиётга, халқимиз фаровонлигига, қулай атроф-муҳит шаклланишига замин бўлади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА