Ўзбекистон карлар спорт федерациясига янги раҳбар сайланди (+видео)

Ўзбекистон карлар спорт федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Ушбу конференция кун тартибидан бир қатор муҳим масалалар ўрин олди.
Жумладан, федерациянинг янги талқиндаги низомини тасдиқлаш, устувор йўналишларни белгилаш, раҳбариятнинг янги таркиби сайланиши каби масалалар муҳокамага қўйилди.
Дастлаб федерациянинг шу кунга қадар амалга оширган ишлари тўғрисида ҳисобот эшитилиб, таэквондо, шахмат ва футбол йўналишларида эришилган ютуқлар эътироф этилди.
Шу ўринда федерацияни ривожлантириш мақсадида Уставни замон талаблари ва янги қонунчилик ҳужжатларига тўлиқ мувофиқлаштириш лозимлиги таъкидланди.
Кун тартибидаги асосий масалалардан яна бири раҳбариятнинг янги таркиби сайланиши бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Адаптив спорт турлари ассоциациясини ташкил этиш бўйича махсус топшириғига асосан Ҳусниддин Қутбиддинов Карлар спорт федерациясининг ўринбосари лавозимига тайинланган эди.
Делегатларнинг таклифи ва овоз бериши натижасида Ижтимоий инспекция бошлиғи ва ЎКСФ ўринбосари Ҳусниддин Қутбиддинов федерация раҳбарлигига сайланди.
Федерация раиси лавозимида фаолият юритган Дилбар Каримовага федерациянинг ривожига қўшган ҳиссаси ва бу борадаги кўп йиллик меҳнатлари учун ташаккурнома ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Карлар спорт федерацияси масъуллари, мураббий ва спортчилар иштирок этган тадбир сўнгида келгусидаги режалар бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Н.Раҳмонова, ЎзА