Адлия: суғурталовчилар рейтинги юритилади

118

Адлия вазирлиги томонидан Суғурталовчилар рейтингини аниқлаш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом давлат рўйхатидан ўтказилди.

Низом билан суғурталовчи ёки қайта суғурталовчиларнинг суғурта хизматлари кўрсатилиши сифати бўйича рейтингини аниқлаш ва юритиш тартиби белгиланди.

Унга кўра, суғурталовчилар рейтинги Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида шакллантирилади. Расмий веб-сайтида ҳар ойнинг 10 санасида янгиланган ҳолда эълон қилиб борилади.

Суғурталовчилар рейтингини аниқлаш учун уларнинг фаолияти тегишли кўрсаткичлар бўйича баҳоланади. Яъни, умумий суғурта даъволари сонига нисбатан ўз вақтида кўриб чиқилган суғурта даъволари сони, суғурта товони (тўлови)ни тўлаш тан олинган суғурта даъволари умумий сонига нисбатан ўз вақтида тўланган суғурта товонлари (тўловлари) сони баҳоланади.

Умумий суғурта даъволари сонига нисбатан қаноатлантирилган суғурта даъволарининг нисбати, суғурта турлари бўйича йиғилган суғурта мукофотлари ва суғурта тўловларининг нисбати, суғурталовчининг тўловга қобилиятлиликнинг етарлилик нормативи, инвестиция фаолияти натижадорлиги, суғурта захиралари шакллантирилгани, суғурталовчининг филиал (сотув марказ)лари сони кўриб чиқилади.

Баҳолаш кўрсаткичлари ва унга берилган баллар тўғрисидаги маълумотлар суғурталовчининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимидаги шахсий кабинетида реал вақт режимида акс эттирилади.

Рейтинг маълумотлари бўйича суғурталовчининг эътирозлари мавжуд бўлганда, ўз шахсий кабинети орқали ваколатли давлат органига мурожаат қилади вa унинг мурожаати беш иш куни ичида кўриб чиқилади.

Н.Абдураимова, ЎзА