Кредиторлар талабларини қондириш тизими такомиллаштирилади

140

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Хусусан, депутатлар “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Унга кўра, тегишли қонунларга кредиторларнинг гаровдаги мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, кредиторлар талабларини суддан ташқари тартибда қондириш тизимини ривожлантириш, мажбуриятларни гаровдаги мол-мулк ҳисобидан ундириш жараёнларини соддалаштириш ва кредиторлар талабларини қондириш тизимини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳасида гаров нарсаси ҳисобланган мол-мулк гаровга қўювчидан жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун олиб қўйилганда, гаровга олувчида ўз талабларини ушбу мол-мулк ҳисобидан устувор тарзда қаноатлантириш ҳуқуқини сақлаб қолиш, ундирув қаратилган гаров мулкининг очиқ кимошди савдосида сотилишини гаровга қўювчининг илтимосига асосан кечиктиришга йўл қўйилмаслик назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, гаровга олишда бошқа шахс розилиги ёки органнинг рухсати олинган бўлса, гаровга олувчининг мазкур мол-мулк гарови билан таъминланган талаблари фақат суд тартибида қаноатлантиришни назарда тутувчи талабни бекор қилиш кўзда тутилмоқда.

Йиғилишда кўрилган масалалар қизғин муҳокама қилиниб, улар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА