Самарқанд FIDE тизимидаги энг нуфузли мусобақага мезбонлик қилади

136

Халқаро шахмат федерацияси 2025 йилдаги муҳим мусобақаларнинг ўтиш манзиллари ва санасини эълон қилди. Унга кўра, шахматнинг энг нуфузли тадбирларидан бири бўлган ва ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган FIDE Grand Swiss турнири жорий йилнинг 3-15 сентябрь кунлари илк бор мамлакатимизнинг қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳри Самарқандда ўтказилади. Мазкур турнирнинг аҳамиятли жиҳати, унда 1-2-ўринни қўлга киритган шахматчилар тўғридан-тўғри жаҳон чемпионлигига номзодлар турнири йўлланмасини қўлга киритади.

FIDE тақвим режасига биноан жорий йилнинг 5-29 июль кунлари Грузиянинг Батуми шаҳрида аёллар ўртасида жаҳон кубоги, 31 октябрь-27 ноябрь кунлари Ҳиндистонда жаҳон кубоги, 25-31 декабрь кунлари Қатарнинг Доҳа шаҳрида рапид ва блиц йўналишида жаҳон чемпионатлари ташкил этилиши белгиланди.

Т.Рўзиев, ЎзА